Ғолиблар вилоят босқичига йўлланма олди
Андижонда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” биринчи босқич мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Андижон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Янги Ўзбекистон Олимпиадаси – 2026” спорт мусобақаларининг биринчи босқичи – “Андижон шаҳар ҳокими олимпиадаси” доирасида спортнинг Таэквондо WТ йўналиши бўйича шаҳар босқичи мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада Андижон шаҳридаги спорт мактаблари спортчилари, шунингдек, шаҳарда фаолият олиб бораётган таэквондо спорт клублари ўқувчилари иштирок этиб, ўзларининг маҳорат ва имкониятларини синовдан ўтказди.

Бир неча вазн тоифасида, қизлар ва ўғил болалар ўртасида муросасиз курашлар асосида ўтган беллашувларда ҳар бир иштирокчи ғалаба учун астойдил ҳаракат қилди. Энг яхши натижа кўрсатган спортчилар мусобақанинг вилоят босқичида қатнашиш учун йўлланма олди.

Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, ғолиб ва совриндорлар Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан медаль ва дипломлар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА