Ғолиб ва совриндорлар тақдирланишди
Сирдарё вилоятида маҳалла ёшлари ўртасида футбол ва мини-футбол спорт турлари бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг вилоят босқичи якунига етди. Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларда ўз маҳалласи шарафини муносиб ҳимоя қилган энг кучли жамоалар аниқланиб, ғолиб ва совриндорлар тақдирланишди.
Ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаш ҳамда маҳаллаларда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга қаратилган мазкур мусобақа 2022 йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб келинмоқда.

ДХХ кубоги 16–30 ёшли маҳалла ёшлари ўртасида ташкил этилиб, мусобақалар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда республика босқичларида ўтказилади. Иштирокчилар мини-футбол бўйича қизлар, мини-футбол бўйича ўғил болалар ҳамда футбол бўйича ўғил болалар йўналишларида маҳоратларини намойиш этишади.
Жорий йилда Сирдарё вилоятида мусобақанинг туман ва шаҳар босқичлари апрель, май, июнь ҳамда июль ойларида ўтказилди. 11 та туман ва шаҳар кесимидаги беллашувларда 239 та маҳалладаги 522 та жамоа иштирок этди. Уларда жами 6 654 нафар ёш ўз маҳалласи шарафини ҳимоя қилди.
Бу рақамлар маҳаллаларда ёшларни спортга жалб этишга бўлган эътибор тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Мусобақалар давомида футбол ва мини-футболга бўлган қизиқиш юқорилиги, жамоалар ўртасидаги рақобатнинг кучайиб бораётгани яққол намоён бўлди. Айниқса, ҳар бир учрашувда ёшларнинг жамоавий ҳаракатлари, интилиш, матонат ва ғалабага бўлган ишончи эътиборни тортди.


Беллашувлар нафақат ғолибларни аниқлаш, балки маҳаллаларда янги спорт истеъдодларини кашф этиш учун ҳам муҳим майдон вазифасини ўтади. Беллашувларда ўзини кўрсатган ёшлар келгусида юқори даражадаги мусобақаларда Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш учун муносиб номзодлар сифатида сараланди.


Вилоят босқичи якунларига кўра, учта йўналиш бўйича энг кучли жамоалар аниқланди.
Қизлар ўртасидаги мини-футбол мусобақасида Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” маҳалласи жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Сардоба туманининг “Бирлашган” маҳалласи жамоаси иккинчи, Боёвут туманининг “Олмазор” маҳалласи жамоаси эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ўғил болалар ўртасидаги мини-футбол баҳсларида Гулистон шаҳрининг “Дўстлик” маҳалласи жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Боёвут туманининг “Янгиобод” маҳалласи жамоаси иккинчи, Оқолтин туманининг “Андижон” маҳалласи жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Ўғил болалар футбол мусобақасида эса Мирзаобод туманининг “Боғистон” маҳалласи жамоаси биринчи ўринни забт этди. Янгиер шаҳрининг “А. Жомий” маҳалласи жамоаси иккинчи, Оқолтин туманининг “Янги давр” маҳалласи жамоаси эса учинчи ўрин билан кифояланди.


Шу тариқа, барча босқичлар якунига кўра, 108 нафар иштирокчи ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди. Улар муносиб тақдирланишди, спортдаги ютуқлари эътироф этилди.
Энди эса ғолиб жамоаларни янада муҳим беллашув кутиб турибди. ДХХ кубогининг республика финал босқичи 17–22 август кунлари Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.

Унда Сирдарё вилоятининг учта жамоаси — Гулистон шаҳрининг “Тараққиёт” ва “Дўстлик”, Мирзаобод туманининг “Боғистон” маҳаллалари ёшлари иштирок этишади. Улар энди республикада нафақат ўз маҳаллалари, балки бутун Сирдарё вилояти шарафини ҳам ҳимоя қилишади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири