Глобал мулоқотга қутлуғ чорлов садоси
19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Сессия раиси Деннис Френсис бошчилигида ўтаётган тадбирнинг биринчи куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, аъзо мамлакатлар етакчилари – Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден, Бразилия Федератив Республикаси Президенти Луис Инасиу Лула да Силва, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва бошқа давлатлар раҳбарлари иштирокида мунозараларга бой ва шукуҳли ўтди.

Давлатимиз раҳбари барча халқаро анжуманларда ўз ташаббуслари ва долзарб мавзулардаги мушоҳадалари билан ҳамиша дунё ҳамжамияти диққатини ўзига қаратиб келган. Навбатдаги нуфузли анжуманда ҳам юксак минбардан туриб ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлиги борасида куйинчаклик билан сўз юритди.
– Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан келгуси йилда Келажак саммити ўтказилиши халқаро ва минтақавий тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга, Ташкилотнинг таъсири ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Президентимиз кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ва кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари суриб, қатъият билан шундай деди:
– Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил бормоқда.
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда янгиланган Конституция бўйича ўтказилган умумхалқ референдуми миллий тараққиётимизнинг устувор йўналишларини белгилаб берди. Асосий қонунимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг тенглиги, инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги принципларига садоқат яна бир бор тасдиқланди. Шу ҳуқуқий асосда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030" тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғундир.
– Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этаман, – деди Ўзбекистон етакчиси.
Йиғилиш иштирокчиларининг эътибори мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш борасида эришилган натижаларга қаратилди. Зеро, бу мавзу асрлар давомида халқимизни пахта қуллиги занжирида қийнаб келаётган эди. Бу қуллик туфайли не-не норасида фарзандлар, хотин-қизлар жабр кўрмаган дейсиз...
– Бир аср мобайнидаЎзбекистонда миллионлаб инсонлар пахта теримига мажбурий равишда жалб этиб келинди. Ҳар йили сентябрь ойидан декабргача аҳолининг асосий қисми – ўқитувчи ва шифокорлар, тадбиркорлар, ишчи ва хизматчилар, энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ва талабалар пахта теримига сафарбар қилинар эди. Бунинг натижасида ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинган, мамлакат эса йиллар давомида “қора рўйхат”ларга киритилган эди. Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди, – деди давлатимиз раҳбари.
Бу сўзларни бугунги авлод гунги авлод чуқур ҳис қилмаслиги мумкин. Лекин бутун умри давомида энг қимматли вақтини ўқиш ва изланишларга сарфламасдан, пахта далаларида сарсон кезган катта авлод вакиллари жуда яхши эслашади. Ўша давр изтироблари ва фожиалари билан боғлиқ асоратлар ҳануз бизни қийнаб келаётгани ҳам рост.
Барчамиз гувоҳ бўлиб турганимиз – Марказий Осиё бирдамлиги йўлидаги саъй-ҳаракатлар бугунги кунда дунёдаги барча эзгу ниятли инсонлар – халқаро ҳамжамият эътирофи ва эътиборида бўлиб келмоқда. Халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштираётгани ва бу туйғу тобора кучайиб бораётганини давлатимиз раҳбари ишонч билан таъкидлади. Нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштарак эканлиги, минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз давом этажаги маърузада алоҳида қайд этилди.
Ҳозирги кунда қайси бир жабҳага қараманг, юрагида ўти бор йигит-қизларимиз ташаббуслари ва ғояларини рўёбга чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида катта ишлар олиб борилаётганига амин бўламиз. Давлатимиз раҳбари аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзолангани сессиянинг энг муҳим воқеликларидан бири бўлди. Бу соҳада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030" дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Жамиятимизда учрайдиган муаммоларнинг аксарияти хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг жамият ва давлат бошқарувида фаол иштироки билан боғлиқ эканлиги маълум. Шу боис Ўзбекистон етакчиси миллий сиёсатимиз марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат эканлигини алоҳида қайд этди. Мамлакатимиз “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлиги таъкидланиб, биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Шунингдек, Президентимиз сайёрамиз миқёсида учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганини таъкидлаб, Марказий Осиё иқлим ўзгаришлари олдида энг заиф минтақалардан бирига айланаётганини кўрсатиб ўтди. Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар, минтақамиздаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва сув билан таъминланганлик даражасининг камайиш тенденциялари тўғрисидаги маълумотлар келтирилди. Мавжуд вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақамизда қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди.
– Бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Бугун дунё ҳар лаҳзада ўзгармоқда, хабар ва янгиликлар тўлқинида мавжланмоқда. Ана шу уммон марказида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозаралари ўз ташаббуслари, таклифлари ва муҳим хулосалари билан халқаро ҳамжамият нигоҳини ўзига қаратиб турибди. Мазкур мунозараларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг глобал мулоқотга қутлуғ чорлов сифатида билдираётган ҳар бир ташаббуси ва мулоҳазалари нафақат юртдошларимизни, балки дунёда тинчлик, дўстлик ва фаровонлик ҳукм суришини истаган барча эзгу ниятли инсонларни умидлантирмоқда, ёруғ келажак сари бошламоқда десак адашмаган бўламиз.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири