Ғиждувонлик ишбилармон аёллар ўз салоҳиятларини намойиш этишди
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва ишбилармонлик соҳаларидаги фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлаш ҳамда ташаббусларини рағбатлантириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Бугун юртимизда ўз меҳнати, иқтидори ва изланиши билан нафақат оиласи, балки жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ишбилармон аёллар сафининг кенгайиб бораётгани ана шу эзгу ислоҳотларнинг амалий самарасидир.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда ЎзЛиДеПнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ташкил этилган “Ишбилармон аёл–2026” кўрик-танловининг Бухоро вилояти Ғиждувон тумани босқичи ана шу мақсадларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
Танловда маҳаллалар босқичида сараланган 8 нафар фаол, ташаббускор ва ишбилармон хотин-қиз иштирок этиб, ўзларининг меҳнат фаолияти, амалий тажрибаси, инновацион ғоялари ва эришган ютуқларини ҳакамлар ҳайъатига тақдим этдилар. Улар тадбиркорлик, ҳунармандчилик, дизайнерлик ва қишлоқ хўжалиги каби турли соҳалардаги муваффақиятлари билан нафақат ўз маҳаллалари, балки бутун туманнинг ривожига муносиб ҳисса қўшаётганини яна бир бор намоён этдилар.

Танлов иштирокчиларининг билим ва маҳорати талабчан ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳар томонлама баҳоланди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин “Дегрезон” маҳалласида яшовчи тадбиркор ва моҳир дизайнер Машҳура Ахмедовага насиб этди. Унинг замонавий дизайнерлик йўналишидаги ютуқлари, ташаббускорлиги ва яратувчанлик салоҳияти муносиб эътироф этилди. 2-ўрин “Позагари” маҳалласида ёғоч ўймакорлиги санъатини ривожлантириб келаётган ҳунарманд Мафтуна Усмоновага топширилди. Унинг миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва уни замонавий ёндашувлар билан бойитиш борасидаги меҳнати юқори баҳоланди. 3-ўрин эса “Тахтахон” маҳалласида томорқа хўжалигини самарали ташкил этиб, сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиришда юқори натижаларга эришиб келаётган Дилайра Қудратовага муносиб кўрилди. Унинг меҳнатсеварлиги ва тадбиркорликка бўлган ёндашуви кўплаб хотин-қизлар учун ибрат бўлди.

— Дизайнерлик касби мени ҳам илҳомлантирган соҳалардан бири. Бугун айнан шу йўналишда меҳнат қилиб келмоқдаман. Танловдаги ғалабам ва вилоят босқичига йўлланма олганим мен учун катта эътироф ва рағбат бўлди. Бу менга янада кўпроқ изланиш, фаолиятимни кенгайтириш ва дизайнерликка қизиқувчи ёшларга билим ҳамда тажрибамни ўргатиш учун кучли туртки беради, — дейди танлов ғолиби Машҳура Аҳмедова.
Тадбир сўнггида ғолиб ва совриндорлар, шунингдек, турли номинациялар бўйича муносиб деб топилган иштирокчилар ЎзЛиДеП Ғиждувон тумани Кенгашининг диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири