«Ғишткўприк» божхона постида 45 метрлик байроқ ўрнатилди
Давлатимиз байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан янгидан бунёд қилинган "Ғишткўприк" чегара божхона пости марказида Божхона қўмитаси ташаббуси билан 45 метр баландликдаги устунда улкан Давлат байроғи ўрнатилди.
Шу муносабат билан ташкил қилинган тантанали тадбир давомида Давлат байроғи халқимизнинг миллий ғурури, мустақиллиги, бирдамлиги ва Ватанга садоқатининг муқаддас тимсоли экани алоҳида таъкидланди.

Қайд этилганидек, «Ғишткўприк» чегара божхона пости давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида тубдан қайта қурилиб, замонавий қиёфа касб этди. Ушбу чегара пости мамлакатимизнинг ташқи дунёга очилувчи муҳим дарвозаларидан бири ҳисобланади. Янгидан барпо этилган постда қатор янги имкониятлар яратилиб, унинг ўтказувчанлик салоҳияти бир неча баробар оширилди. Жумладан, постнинг бир суткалик ўтказувчанлик қуввати йўловчилар бўйича 30 минг нафардан 100 минг нафарга, енгил автомобиллар бўйича 600 тадан 3 мингтага, автобуслар бўйича эса 70 тадан 400 тага етказилмоқда.

Пост ҳудуди ҳам 6 гектардан 9 гектарга кенгайтирилиб, назорат йўлаклари 4 тадан 18 тага, транспорт воситалари учун тўхташ жойлари сиғими эса 20 тадан 200 тага оширилди.

Ушбу чегара пости марказида ҳилпираётган юрт байроғи ушбу дарвозанинг янада салобатли қиёфасига кўрк бағишлаб туради, Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзи сифатида ҳар бир ватандошимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
М.Комилова,
ЎзА