Гидроэнергетика: ислоҳотлар, тараққиёт ва инсон қадри
“Энергетиклар сиҳатгоҳи”да гидроэнергетика соҳасининг 100 йиллиги ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ташкил этилганлигининг 9 йиллигига бағишланган катта байрам сайли ташкил этилди.
Жамият томонидан ташкил этилган тадбирда мазкур байрам сайли гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, миллий муҳандислик салоҳияти, “яшил” тараққиёт ғоялари ва энергетиклар меҳнатига бўлган юксак эҳтиромнинг амалий ифодаси сифатида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Ушбу ташкилотнинг Иқтисодий таҳлил, режалаштириш ва хавфларни бошқариш департаменти бошлиғи Ҳасанбой Толибжоновнинг сўзларига кўра, гидроэнергетика экологик тоза, иқтисодий самарали ва узоқ муддатли барқарор энергия манбаи сифатида стратегик аҳамият касб этмоқда.
– Шу маънода, Ўзбекистонда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш ва миллий энергетика тизимини модернизация қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. 2017 йилга қадар мамлакатимизда умумий қуввати 1604 МВт бўлган 36 та гидроэлектр станция фаолият юритган бўлса, кейинги тўққиз йил ичида гидроэнергетика соҳасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Натижада 2026 йилга келиб мамлакатимиздаги гидроэлектр станциялар сони 100 тага етди. Соҳанинг умумий ўрнатилган қуввати 2402 МВтни ташкил этмоқда. Шунингдек, қисқа вақт ичида қўшимча 800 МВт янги “яшил” энергия қувватлари яратилди. Энг муҳими, сўнгги йилларда соҳада нафақат янги энергетик қувватлар барпо этилди, балки миллий муҳандислик ва саноат салоҳияти ҳам шакллантирилди, – деди у.

Ана шундай ютуқлар узвийлигида ушбу байрам тадбири “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида меҳнат қилаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун халқона сайл, маданий ҳордиқ ва жамоавий бирлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган йирик корпоратив-маънавий лойиҳа сифатида ўтказилди.
– Тадбирнинг асосий мақсади гидроэнергетика соҳасида меҳнат қилаётган фидойи ходимларнинг машаққатли меҳнатини эътироф этиш, жамоада ўзаро ҳурмат ва аҳиллик муҳитини янада кучайтириш, турли ҳудудларда фаолият юритаётган меҳнат жамоаларини бир майдонга жамлаш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш учун қулай ижтимоий муҳит яратишдан иборат.

Шунингдек, тадбир натижасида ходимларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва корпоратив маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Байрам дастури кун давомида халқона сайл ва замонавий фестиваль муҳитида ташкил этилиб, турли йўналишлардаги маданий, маърифий, спорт ва кўнгилочар лойиҳаларни қамраб олди.
Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у фақат байрамона кайфият яратиш билан чекланиб қолмай, балки гидроэнергетика соҳасида инсон қадри, меҳнатга ҳурмат ва жамоавий ҳамжиҳатлик тамойиллари устувор эканини яна бир бор намоён этади, – деди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси раиси Роҳат Аҳмедов.
Таъкидлаш жоизки, мазкур байрам сайли нафақат гидроэнергетика соҳасининг тарихий ютуқлари ва бугунги тараққиёт суръатларини намоён этди, балки соҳа фидойиларининг меҳнати, жамоавий ҳамжиҳатликни ҳамда “яшил” келажак йўлидаги эзгу мақсадлар муштарак эканини яна бир бор намоён қилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА