ГЭСлар каскадида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан “Қодирия ГЭСлар каскади” филиали тасарруфидаги гидроэлектр станциялар ва асосий ишлаб чиқариш объектларининг техник ҳолати, мавжуд қувватлардан фойдаланиш самарадорлиги ҳамда иш жараёнларининг барқарорлиги ўрганилди.
Қайд этилганидек, мазкур ўрганишлар Президентимиз томонидан ёқилғи-энергетика соҳаси олдига қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш, гидроэнергетика объектларининг ишончли фаолиятини мустаҳкамлаш ҳамда 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилди.
“Қодирия ГЭСлар каскади” таркибида 4 та гидроэлектр станция мавжуд бўлиб, уларнинг умумий ўрнатилган қуввати 46,8 МВтни ташкил этади. Каскад станцияларида йилига ўртача 400 миллион кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Ўрганишлар давомида ҳар бир станциянинг техник ҳолати ва ишга тайёрлик даражаси атрофлича кўриб чиқилди. Кўрик жараёнида ускуналарнинг мавжуд юкламаларга мос равишда барқарор ишлашини таъминлаш, электр хавфсизлиги ва ҳимоя тизимларини белгиланган талаблар асосида сақлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. Айни пайтда энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, технологик сарфларни қисқартириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва ички имкониятлардан унумли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
– Куз-қиш мавсумида гидроэлектр станцияларининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим вазифалардан биридир. Шу боис, ҳар бир ускунанинг техник ҳолатини чуқур таҳлил қилиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этиш ва зарур эҳтиёт қисмларини олдиндан захира қилиш талаб этилади. Асосий мақсадимиз эса мавжуд қувватлардан самарали фойдаланган ҳолда истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида барқарор электр энергияси билан таъминлашдир, – деди Ислом Абдураҳмонов.

Шунингдек, мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида станциялар ҳудудларида амалга оширилаётган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва ишлаб чиқариш майдонларини тартибга келтириш ишлари ҳам кўздан кечирилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ҳудудларни янада обод ҳолатга келтириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
Ўрганишлар якунида каскад таркибидаги барча объектларда ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш, техник ва технологик интизомни кучайтириш, ускуналарнинг техник ҳолати ва хизмат муддатидан келиб чиққан ҳолда таъмирлаш ҳамда янгилаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА