Германияга экспорт икки баробарга кўпайди (+видео)
2025 йил якунлари бўйича Германияга экспорт ҳажми қарийб 15 миллион долларни ташкил этган. Бу эса аввалги йилга нисбатан икки баробар кўп деганидир. Лекин ушбу юртда ҳали-ҳамон ишга солинмаган имкониятлар ҳам мавжуд. Масалан, Бавария Германиянинг энг ривожланган ва иқтисодий барқарор ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда ушбу ҳудуд билан савдо алоқаларимиз янги маъно-мазмун касб этмоқда. Шу билан бирга ушбу мамлакатда маҳсулот етказиб беришнинг ўз тартиб-таомиллари бор.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан Германияда ташкил этилган “Study tour” дастурининг мақсади ҳам шу –тадбиркорларимизнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш. Унда юртимиздан 30 дан ортиқ экспортчи корхона вакиллари иштирок этмоқда. Мақсад Ўзбекистон маҳсулотларининг экспорти ҳажмини оширишдир.
“Study tour” дастури доирасида тадбиркорларимиз Германиянинг йирик улгуржи бозорлари ва чакана савдо тармоқлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишди. Жумладан, Мюньхен улгуржи бозорида маҳсулотларни сақлаш, сертификатлаш ва кузатув тизимлари ўрганилди.
-Мана бу қўлимдаги қовун бир марталик истеъмолга зўр, ўзимизнинг “торпедо” навининг кичик бир кўриниши, - дейди Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Марказий экспорт штаби раҳбари ўринбосари Шаҳзод Турғунбоев.
– Бу маҳсулот тўғридан-тўғри Коста-Рикадан келган ва бир килограмми 26 минг сўм. Асосан қовун, тарвузлар бу ерда кичик-кичик ҳажмда сотилади ва истеъмол қилинади.
Маълум бўлишича, ўтган йилда Ўзбекистондан экспорт қилинган 100 дан ортиқ жўнатмалардан 10 дан зиёд намуна олинган. Лаборатория текширувлари юртимиз маҳсулотлари Европа талабларига тўлиқ мос эканлигини тасдиқлаган.
Европа бозорида муваффақиятга эришишнинг асосий омили- узлуксиз сифат устида ишлаш, аниқ стандартларга амал қилиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдир. Бугун ана шу талабларга риоя қилган ҳолда ўзбек маҳсулотлари ушбу бозорда ўз ўрнини топмоқда. Бундай семинарлар эса тадбиркорлар учун халқаро бозорда ишонч қозонишнинг аниқ стратегиясини белгилаб беради.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/lisUITfoX8U" title="Germaniyaga eksport ikki barobarga ko‘paydi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА