Германияда “Ўзбекистон иқтисодиёти кунлари” ўтказилади
Жорий йил 18-20 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Мюнхен шаҳрида бўлди.
Жорий йил 18-20 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан Мюнхен шаҳрида бўлди.
Ташриф доирасида делегация Бавария Бош вазири Маслаҳатчиси, давлат девонхонасининг Европа, халқаро муносабатлар ва ОАВ департаменти раҳбари Томас Груббер билан учрашиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг январь ойида Германияга амалга оширган ташрифи бўйича йўл харитасини амалга жорий этиш масалаларини муҳокама қилган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR маркази маълумотларига кўра, учрашувда томонлар икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, жорий йил март ойида Бавария Бош вазири Маркус Задернинг Ўзбекистонга расмий ташрифини ташкил этиш ҳақида фикр алмашган.
Мулоқотда томонлар Мюнхен ва Бавариянинг бошқа шаҳарларида “Ўзбекистон иқтисодиёти кунлари” доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари, Ўзбекистоннинг тармоқ бирлашмалари ва Германия инвесторларининг “B2B” форматдаги ва манзилли учрашувларини ташкил этишга келишиб олган. Ушбу тадбирларнинг мантиқий давоми сифатида Тошкентда баҳорда “Бавария иқтисодиёти кунлари” ўтказилади.

“Бавария иқтисодиёти кунлари” доирасида инвесторлар билан қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича якуний келишувларга эришиш мўлжалланган бўлиб, германиялик ишбилармонларнинг мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб ташрифи ҳам режалаштирилган.
Учрашувда Ўзбекистон томони таклифига кўра, бавариялик экспертлар, юқори малакали менежерларнинг мамлакатимиздаги ҳамкасблари билан иқтисодиётнинг турли соҳаларини кластерлаш бўйича тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.
Ташриф доирасида янги инвестициявий ташаббуслар Германиянинг “EAB New Energy” ва “Ventus Engineering” (шамол энергетикаси), “Bio Gen Ltd” (озиқ-овқат чиқиндиларини қайта ишлаш), “Lemken“ ва “Same Deutz-Fahr Germany GmbH“ (қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш), “City Box“ (шаҳар урбанизацияси соҳасида инновацион ечимлар) томонидан билдирилган бўлиб, ушбу компаниялар раҳбарияти ва мутахассислари яқин муддатда Ўзбекистонга келиб, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг техник ва иқтисодий масалаларини кўриб чиқади.
Делегация шунингдек, “Deutsche Lufthanza AG” компанияси раҳбарияти билан учрашиб, Германия ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилган. “Credit Suisse “ банки билан экспорт олди молиялаштириш механизмини йўлга қўйиш, Ўзбекистон тижорат банклари учун қўшимча кредит линияларини очиш юзасидан музокаралар олиб борилган.