Германияда сув мониторинги учун янги тизим жорий этилди
Германияда дарё ва ер ости сувлари ҳолатини кузатишга мўлжалланган NIWIS миллий ахборот тизими ишга туширилди. Ҳукумат маълум қилишича, платформа қурғоқчилик хавфини эртароқ аниқлаш ва сув ресурсларини бошқариш самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Федерал атроф-муҳит вазири Карстен Шнайдер сўнгги 25 йилда мамлакат 60 миллиард куб метр сув захирасини йўқотганини билдирди. Унга кўра, иқлим ўзгариши туфайли паст сув сатҳи ва қуриб бораётган тупроқлар одатий ҳолатга айланмоқда.
Расмийлар ҳисоб-китобларига кўра, агар зарур чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб сув танқислиги Германия иқтисодиётига 625 миллиард евро зарар етказиши мумкин. Бу ҳосилдорликнинг пасайиши, сув нархининг ошиши ва логистикадаги узилишлар билан изоҳланмоқда.
Айни пайтда Рейн дарёсида сув сатҳининг пасайиши юк ташишга салбий таъсир кўрсатмоқда. Мюнхен шаҳрида эса қурғоқчилик туфайли вақтинча сувдан фойдаланишга чеклов жорий этилди. Жумладан, хусусий бассейнларни тўлдириш, фаввораларни ишлатиш ва кундузи боғларни суғориш тақиқланди. Қоидаларни бузганларга 50 минг еврогача жарима қўлланилиши мумкин.
Д.Ҳакимов, ЎзА