Германияда ўқиш учун қандай талаблар мавжуд? -Мутахассис билан суҳбат (+видео)
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртасида барча соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, таълим соҳасидаги алоқалар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди.
Саксония университетларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Злиха Тилеуова билан суҳбатимиз айнан икки давлат ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик, талабалар ва олимлар алмашинуви ҳамда ваколатхона фаолияти ҳақида бўлди.
–Аввало, Саксония университетларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, унинг асосий вазифалари ҳамда икки давлат ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликдаги ўрни ҳақида сўзлаб берсангиз.
–Маълумки, Германия 16 та федерал ердан иборат. Агар Ўзбекистон билан қиёслайдиган бўлсак, уларни шартли равишда вилоятларга ўхшатиш мумкин. Ана шу федерал ерлардан бири – Саксония.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасида илм-фан, олий таълим, талабалар алмашинуви ҳамда иқтисодий ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланмоқда. Бу ҳамкорликнинг муҳим натижаларидан бири сифатида 2023 йил 16 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Геология фанлари университети қошида Саксония олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, яъни Саксония университетлари бюроси ўз фаолиятини бошлади.
Унинг очилиш маросимида Ўзбекистон ва Германиянинг тегишли идоралари раҳбарлари иштирок этди. Жумладан, Геология фанлари университети мутасаддилари, Германиянинг Фрайберг техника университети Кончилик академияси раҳбарияти ҳамда Саксония Олий таълим вазирлиги вакиллари қатнашди.
Ваколатхонанинг асосий мақсади Ўзбекистон ва Германия ўртасида илмий ҳамда академик ҳамкорликни янада ривожлантириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзбекистонлик ёшларни Саксония университетлари билан яқиндан таништириш ва Германияда таълим олиш истагида бўлганларга амалий маслаҳат ҳамда кўмак беришдан иборат.
Яъни, ваколатхона Саксонияда таҳсил олишни режалаштираётган ёшларга ҳужжатларни расмийлаштиришдан тортиб, университет танлаш, академик ҳамкорлик ва бошқа ташкилий масалаларда беғараз амалий ёрдам кўрсатади.
Бундан ташқари, ваколатхона академик алмашинув дастурларида иштирок этаётган профессор-ўқитувчилар, олимлар ва олий таълим муассасалари билан ҳам яқин ҳамкорлик қилиб, икки давлат ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келмоқда.
–Бугунги кунда Германияда ушбу дастурлар доирасида неча нафар ўзбекистонлик талаба таҳсил олмоқда?
– Ваколатхона очилганидан сўнг Саксония Олий таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон ва Мўғулистон учун махсус “Saxon Student Mobility Program” дастури ишлаб чиқилди. Бу талабалар алмашинувига қаратилган грант ва стипендия дастуридир.
Ушбу дастур доирасида ўзбекистонлик талабалар Германияга бориб, бир семестр давомида ўзлари танлаган университет, таълим йўналиши ва профессор раҳбарлигида таҳсил олиш имкониятига эга бўладилар. Шу билан бирга, улар назарий билимларини чуқурлаштириш, лаборатория машғулотларида иштирок этиш ва амалиёт ўташ имкониятига ҳам эга бўлишади.
2025-2026 ўқув йилининг қишки семестрида мазкур дастур доирасида Саксония Олий таълим вазирлиги грантлари асосида Ўзбекистондан 26 нафар талаба талабалар алмашинувида иштирок этди. Уларнинг 12 нафари Фрайберг техника университети Кончилик академиясида, яна бир қисми Дрезден техника университетида таҳсил олди. Шунингдек, Германиянинг Циттау шаҳрида жойлашган университетда халқаро муносабатлар, молия ва иқтисодиёт йўналишлари бўйича ҳам талабалар алмашинуви амалга оширилди.
Дастурда Геология фанлари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабалари иштирок этиб, Германияда грант асосида таҳсил олдилар.
Мазкур тартибда 16 нафар ўзбекистонлик талаба бир семестр давомида Германия университетларида таълим олди. Бундан ташқари, Саксония Олий таълим вазирлигининг “Saxon Mobility Ambassador” дастури ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу дастур Ўзбекистон олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва олимларига Германияда малака ошириш, академик тажриба алмашиш имконини яратади.
– Демак, ушбу академик алмашинув дастурлари доирасида ўзбекистонлик профессор-ўқитувчилар ва олимлар Германия олий таълим муассасаларида дарс бериши мумкин, шундайми?
– Ҳа, шундай. Бироқ дастур бир неча босқичда амалга оширилади. Илк босқичда Саксония университетлари профессорлари Ўзбекистонга ташриф буюрдилар. Улар Геология фанлари университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети, Тошкент кимё-технология институти ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш университетида махсус ўқув машғулотларини ўтказдилар. Бу машғулотлар блок дарслари шаклида ташкил этилди. Яъни, қисқа муддат ичида муайян йўналиш бўйича жадал ва чуқурлаштирилган таълим бериш тизими қўлланилди.
Саксония университетларидан 7 нафар профессор Ўзбекистонга келиб, бир ҳафтадан икки ҳафтагача бўлган муддат давомида талабаларимиз учун мутлақо бепул дарс машғулотларини ўтказдилар. Бироқ бунинг ҳам маълум шартлари мавжуд. Немис профессорини Ўзбекистонга таклиф қилиш учун, аввало, икки мамлакат университетларидаги ўқув режалари ва фан дастурлари ўзаро мос бўлиши лозим. Бунинг аниқ тартиби бор. Масалан, Геология фанлари университетида геология, минералогия, минераллар таркибини ўрганиш ёки муайян илмий йўналиш бўйича мутахассисга эҳтиёж туғилса, университет ваколатхонага мурожаат қилади.
Биз эса шу йўналишда фаолият юритаётган Саксония университетлари профессорлари билан боғланамиз. Агар икки томон олимларининг илмий қизиқишлари ва тадқиқот йўналишлари бир-бирига мос келса, ҳамкорликни йўлга қўйишга амалий ёрдам берамиз. Шу тариқа, Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда илмий ва академик ҳамкорликни йўлга қўйишга ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз. Албатта, бу жараёнларда асосий ҳамкорлик профессор билан профессор ўртасида амалга оширилади. Бунинг асосий мақсади илмий тадқиқотларни ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар ва олимлар ўртасида академик ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.
Шу маънода, “Saxon Mobility Program” икки асосий йўналишни қамраб олади. Биринчи йўналиш талабалар, иккинчиси эса олимлар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувидир. Ҳозирги кунда дастур айнан шу икки йўналиш бўйича амалга оширилмоқда.
– Саксония университетлари талабаларининг Ўзбекистонга келиб, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида таҳсил олиши ёки амалиёт ўташи қандай тартибда ташкил этилади?
– Албатта, бунинг учун ҳам алоҳида дастур мавжуд. У “Outgoing Program” деб аталади. Мазкур дастур доирасида Саксония олий таълим муассасалари талабалари Ўзбекистонга келиб, амалий машғулотлар ўтайдилар. Масалан, ўтган йили Германиядан 20 нафар талаба профессор раҳбарлигида геология, минералогия ва фойдали қазилмаларни ўрганиш йўналишлари бўйича Ўзбекистонда ўн кунлик амалиёт ўтади. Амалиёт Геология фанлари университети, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда ҳамкор олий таълим муассасалари билан келишилган режа асосида ташкил этилди.
Немис талабалари Ўзбекистондаги амалий тайёргарлик имкониятлари, ишлаб чиқариш корхоналари ва кончилик тармоғидаги амалиёт базаларини юқори баҳолашди. Айниқса, талабаларни реал ишлаб чиқариш жараёнларида иштирок этиш имконияти катта таассурот қолдирди. Бу улар учун жуда катта тажриба бўлди.
– Германиялик талабаларнинг юртимиз ҳақидаги ижобий фикрлари эътиборга молик. Масалан, Ўзбекистон Миллий университети ёки бошқа олий таълим муассасалари талабалари Саксония университетларида таҳсил олишни истаса, улар қаерга мурожаат қилиши керак? Танлов шартлари қандай? Шунингдек, профессор-ўқитувчилар академик алмашинув дастурларида иштирок этиш учун нималарга эътибор қаратишлари лозим?
– Бу имкониятлар нафақат геология йўналиши, балки муҳандислик, техника, ахборот технологиялари, кимё-технология ва бошқа кўплаб соҳалар учун ҳам очиқ. Бироқ айрим асосий талаблар мавжуд. Бакалавриат босқичида таҳсил олиш учун, аввало, немис тилини билиш талаб этилади. Чунки Саксония олий таълим муассасаларидаги бакалавриат дастурларининг қарийб 99 фоизи немис тилида олиб борилади. Магистратура босқичида эса инглиз тилини билишнинг ўзи етарли бўлиши мумкин. Масалан, IELTS сертификати ёки немис тили бўйича халқаро сертификатлар, жумладан, Гёте институти сертификати қабул қилинади.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, бу жараён икки босқичда кечади. Талаба, аввало, ўзи танлаган университет ва профессор талабларига жавоб бериши лозим. Шундан кейингина унинг номзоди грант ёки стипендия дастури доирасида кўриб чиқилади. Биринчи босқичда талаба ўзи танлаган олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши керак. Энг муҳим шартлардан бири шуки, Ўзбекистонда танлаган мутахассислиги Германияда ўқишни режалаштираётган йўналиши ҳамда профессорнинг илмий фаолиятига мос келиши лозим. Университетнинг ҳам, профессорнинг ҳам ўз талаблари бор ва талаба айнан шу мезонларга жавоб бериши керак.
Иккинчи босқичда эса агар Саксония олий таълим муассасасидаги профессор ёки доцент ўзбекистонлик талабани қабул қилишга розилик билдирса, шундан кейингина стипендия танлови жараёни бошланади. Бу босқичда тил билиш даражаси ҳамда немис профессори томонидан номзоднинг маъқулланиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Масалан, ўтган йили стипендия дастури учун 169 нафар ўзбекистонлик талаба ҳужжат топширди. Улардан 26 нафари саралаб олинди. Бу жуда яхши натижа. Бошқа давлатларнинг грант дастурлари билан таққослаганда ҳам мазкур кўрсаткич юқори ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, кейинги йилларда ўзбекистонлик ёшларнинг инглиз тили ва касбий тайёргарлиги сезиларли даражада юксалаётганини кўрсатади.
Бу жараёнда фақат талаба эмас, унинг ўқитувчиси ҳам иштирок этади. Чунки икки томон профессорлари ўзаро келишувга эришганидан кейингина талабага иштирок этиш имконияти берилади. Масалан, Геология фанлари университетидан 17 нафар талаба магистратура дастурига ҳужжат топширган. Улар бир гуруҳда таҳсил олган бўлиши мумкин, аммо Германияда ҳар бир талабанинг салоҳияти алоҳида баҳоланади. Жумладан, унинг лабораторияда мустақил ишлай олиш қобилияти, Ўзбекистонда ўқиган фанларининг Германиядаги таълим дастурларига мослиги, шунингдек, касбий терминологияни қай даражада эгаллагани чуқур ўрганилади.
Очиғини айтганда, мен ўзбекистонлик талабалардан чексиз мамнунман, уларнинг билим ва изланишга бўлган интилиши йил сайин янада юксалиб бормоқда. Уларнинг ҳар бир ютуғи, ҳар бир қадами биз учун катта қувонч ва ифтихор манбаидир.
Ўзингиз биласиз, илм олиш игна билан қудуқ қазиш кабидир. Бу осон йўл эмас. Лекин интилиш ва меҳнат бўлса, албатта, натижага эришиш мумкин. Биз эса бу йўлда ҳар доим амалий ёрдам беришга тайёрмиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TAODL9d1cmI" title="Germaniyada o‘qish uchun qanday talablar mavjud?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Насиба Зиёдуллаева, Дониёр Ёқубов, Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж), ЎзА