Геологлар янги уйга кўчиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан геология соҳаси ишчи-ходимларини маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитларни яратишга қаратилган бир қатор мақсадли ишлар амалга оширилмокда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 февралдаги “2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги фармойишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан республиканинг олис ҳудудларида 64 оилага мўлжалланган 32 та замонавий турар жой қуриш режалаштирилган эди.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида геология соҳасида фаол меҳнат қилиб, алоҳида намуна кўрсатаётган ишчи-ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қуриб битказилган янги уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилди.

Чўл ҳудудида барпо этилган бир қаватли, уч ва тўрт хонадондан иборат 32 уйга 64 нафар геологлар оилалари кўчиб ўтди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобир Исламов, Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Ражабов ва бошқалар янги уй эгаларини қутлади.
Таъкидланганидек, геолог ишчи-ходимлар учун барча қулайликларга эга янги уй-жойларнинг барпо этилиши Президентимиз томонидан геология соҳаси ходимларини ижтимоий ҳимоялаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ва маиший шароитларини яхшилашга доир доимий эътибор натижасидир.
Тадбирда республикамиз минерал хомашё базасини ривожлантириш йўлида садоқат билан хизмат қилаётган геологлар ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдирди.
– Замонавий лойиҳа асосида қурилган уйларда барча шароитлар яратилганидан мамнунмиз, – деди "Уранкамебметгеология” АЖ га карашли "Нурота" ДГКЭнинг бош геологи А.Рўзиев, – Давлат геология қўмитаси томонидан тақдим этилган уйлар фарзандларимизга қулайлик яратиб, оилаларимиз фаровонлигига хизмат қилади.