География билимдонлари сараланишди
Сирдарё вилоятида умумтаълим мактабларининг 9-, 10- ва 11-синф ўқувчилари ўртасида география фанидан асосий олимпиаданинг иккинчи — туман ва шаҳар босқичи ўтказилди. Интеллектуал беллашувда 1 119 нафар ўқувчи иштирок этиб, ўзининг фанга оид билими, мантиқий фикрлаши ва таҳлил қилиш қобилиятларини намоён этишди.
Олимпиада ёшларнинг география фанидан ўзлаштирган билимларини синовдан ўтказиш, мустақил фикрлаш ва муаммоларга ечим топиш кўникмаларини баҳолаш, шунингдек, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш учун муҳим майдон бўлди.
Иштирокчиларнинг 425 нафари 9-синф, 391 нафари 10-синф ҳамда 303 нафари 11-синф ўқувчиларини ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг кўп қатнашчи Боёвут туманидан бўлиб, мазкур ҳудуддан 208 нафар ўқувчи билимлар беллашувида иштирок этди. Гулистон шаҳридан 139 нафар, Сирдарё туманидан 131 нафар, Гулистон туманидан 122 нафар ва Мирзаобод туманидан 114 нафар ўқувчи қатнашди.
[gallery-31993]
Белгиланган тартибга кўра, олимпиада уч сменада ташкил этилди. Биринчи сменада 9-синф ўқувчилари соат 09:00 дан 10:00 гача, иккинчи сменада 10-синф ўқувчилари соат 12:00 дан 13:00 гача, учинчи сменада эса 11-синф ўқувчилари соат 15:00 дан 16:00 гача тест топшириқларини бажарди. Ҳар бир иштирокчига 30 та тест саволини ечиш учун 60 дақиқа вақт ажратилди. Энг юқори натижа 50 балл этиб белгиланди.
География фани ўқувчиларга нафақат Ер юзасининг табиий хусусиятлари, мамлакатлар ва минтақалар ҳақида билим беради, балки атроф-муҳитдаги жараёнларни англаш, ҳудудлар ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилиш ва географик тафаккурни ривожлантиришга ҳам ёрдам беради. Шу нуқтаи назардан, фан олимпиадалари ёшларнинг билим салоҳиятини намоён этиши, изланишга бўлган қизиқишларини ошириши ва келгусидаги таълим йўналишини белгилашида муҳим аҳамият касб этади.
— Бундай интеллектуал беллашувлар ўқувчиларнинг география фанидан назарий билимлари, таҳлилий фикрлаши ва амалий кўникмаларини баҳолаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни кейинги босқичларга тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Асосий мақсадимиз — билимли, изланувчан ва иқтидорли ўқувчиларни саралаш, уларнинг фанга бўлган қизиқишини янада ошириш ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришдан иборат, — деди Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА