Геномга оид қонун қабул қилинди
Ўзбекистон Республикасининг “Геном бўйича давлат рўйхатига олиш тўғрисида”ги қонуни 2020 йил 25 январда матбуотда эълон қилинди. Қонун 2023 йилдан бошлаб кучга киради.
Янги қонун
Адлия вазирлиги мутахассислари фикрича, геном ахборотини олиш, тўплаш ҳамда ундан фойдаланиш соҳасида миллий қонунчиликда бўшлиқ бор эди. Ушбу бўшлиқни тўлдириш мақсадида соҳага оид қонун ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
- Қонунда геном ахбороти маълумотлар базаси ёрдамида жиноятларни фош этишда соҳага замонавий усул ва технологияларни жорий этиш масаласи қамраб олинган, - дейди Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева. - Бу эса жиноятчиликка қарши курашишда самарали усул ҳисобланади. Қонунга кўра, ваколатли органлар ва муассасалар биологик материални ва геномга оид ахборотни йиғиш, ҳисобга олиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, ундан фойдаланиш ҳамда уни йўқ қилиш ва муҳофаза қилиш каби ишларни амалга оширади. Бу геном бўйича давлат рўйхатига олиш ҳисобланади.
Яъни, ушбу фаолият ягона маълумотлар базасидаги геномга оид ахборотдан фойдаланиш орқали одамнинг шахсини, таниб олинмаган мурдани идентификация қилиш ва биологик қариндошликни аниқлаш мақсадида амалга оширилади.
Геном бўйича фаолият ихтиёрий ёки мажбурий равишда амалга оширилиши мумкин. Ихтиёрий равишда Ўзбекистон фуқаролари, Ўзбекистонда яшаётган ёки вақтинча яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан фойдаланади. Ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олиш мазкур шахсларнинг ёзма аризасига асосан пулли асосда амалга оширилади. Буни исталган босқичда рад этиш ҳам мумкин.
Бедарак йўқолган шахсларни қидиришга кўмаклашиш мақсадида уларнинг биологик қариндошлари бепул асосда геном бўйича ихтиёрий равишда давлат рўйхатига олишдан ўтиши мумкин.
Оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этишда гумон қилинувчи, айбланувчи сифатида жалб қилинган шахслар; оғир, ўта оғир жиноятларни содир этганлик, жинсий эркинликка қарши жиноятлар, 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий муносабат қилиш ва 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахслар; биологик материали терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов жараёнида олинган аниқланмаган шахслар; таниб олинмаган мурдалар (тана қолдиқлари, қисмлари) мажбурий равишда давлат рўйхатига олинади.
Геномга оид ахборотдан жиноятларнинг олдини олиш, уларни очиш ва тергов қилиш, шунингдек уларни содир этган шахсларни фош этиш ва аниқлаш; бедарак йўқолган шахсларни қидириш; таниб олинмаган мурдаларнинг (тана қолдиқларининг, қисмларининг) шахсини аниқлаш; биологик қариндошликни аниқлаш мақсадларида фойдаланилади.
М.Бурҳонова, ЎзА