“Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар – аскар эмас...”
Қашқадарёда прокуратура тизими фахрийлари билан ўтказилган “Уч авлод учрашувлари”да бу ибора кўп бора такрорланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг ташаббуси билан тизимда узоқ йиллар хизмат қилган фахрий ходимлар билан “Уч авлод учрашуви”ни ўтказиш анъанага айланган.
Қашқадарёда “Уч авлод учрашуви” тадбирлари бўлиб ўтди. Вилоятга ташриф буюрган учинчи даражали давлат адлия маслаҳатчиси, Ўзбекистон прокуратура органлари фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик маркази раиси Ботир Калонов, генераллар Э. Абзалов, Б. Тайжанов, У. Шамсиев, А Саидов, У. Иномжонов, А. Холмаҳматов ва Бош прокуратура жамоатчилик кенгаши раиси А. Қаҳҳоров ишни вилоят прокуратураси ходимларига ишлаш ва ишдан бўш пайларини мазмунли ўтказишлари учун яратилган шароит билан танишиш ва ёш ходимлар билан суҳбат қуришдан бошлашди. Фахрий меҳмонларга вилоят прокуратураси тарихига бағишлаб чоп этилган китоблар туҳфа қилинди.
Меҳмонлар Қарши туманидаги Қовчин қишлоғига бориб, калом илмининг дарғаларидан бири, имом Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган улуғ аллома Абул Муин Насафий қабрини зиёрат қилишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан алломанинг руҳи мангу қўним топган манзил обод гўшага айлантирилди. “Абу Муин Насафий” тарихий мажмуаси жойлашган ҳудудда 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, таҳоратхона ва чойхона бунёд этилди. Қадамжонинг эски иморатлари капитал таъмирланиб, ҳудуди ободонлаштирилди, гул ҳамда турли хил мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Навбатдаги манзил Қарши шаҳридаги халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби бўлди. Эстрада оркестри садолари остида тантанали равишда кутиб олинган меҳмонлар Абдулла Орипов ҳайкали пойига гулчамбар қўйдилар. Шундан сўнг ўқув юртининг фаоллар залида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди. Файзли даврага меҳмонлар, фахрийлар, вилоят фаоллари, вилоят прокуратураси органлари ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, Қарши давлат университети, Тошкент Давлат ахборот-технологиялари университети Қарши филиали, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари, Қарши юридик техникуми ва А. Орипов номидаги ижод мактаби ўқувчилари жамланди. Собиқ иттифоқ давридаги ва мамлакатимиз мустақиллиги эълон қилингач, прокуратура ходимлари ишлаши учун яратилган шароит ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.

Вилоят прокурори, учинчи даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Салом Самадов мамлакатимиз истиқлолга эришганининг дастлабки йилларидаги оғир шароит, уюшган жиноятчиликка қарши курашда вилоят прокуратураси ходимларининг жонбозлиги тўғрисида йиғилганларга қисқача ахборот берди.
Кўксини давлатимизнинг орден ва медаллари безаб турган генераллар давранинг тўридан жой олишди. Марказ раиси Ботир Калонов тадбир иштирокчиларига шўро ҳукумати даврида, айниқса, “ўзбеклар иши”, “пахта иши” компаниялари бошланган даврларда прокуратура тизимида ишлаш нақадар қийин бўлгани, Гдлян ва Ивановнинг халқимизга нисбатан қилган ноҳақликлари, айниқса, ҳуқуқшунослар қалбини қаттиқ жароҳатлагани, у пайтларда ҳозиргидай шароит йўқлиги, бирор туман маркази билан боғланиш ҳам ўта машаққат бўлганлиги ҳақида тўхталиб ўтди.
Талабалар ва тадбирнинг бошқа иштирокчиларининг барча саволларига меҳмонлар атрофлича жавоб қайтаришди. Улар кам таъминланган оила фарзандларига, учрашувда фаол қатнашган талабаларга ва Чироқчи туманида қудуққа тушиб кетган олти ёшли Дониёрни қутқариб, катта жасорат намунасини кўрсатган халоскорларга совғалар улашишди.
Эртаси куни меҳмонлар Қарши шаҳрининг диққатга сазовор жойларида, шу жумладан, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг авлодларидан бўлмиш Хожаи Жарроҳ зиёратгоҳида бўлиб, Қуръон тиловат қилишди. Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг Хожаи Жарроҳнинг қаровсиз ётган мақбараси капитал таъмирланиб, атрофига яшил ўтлоқлар, гулзорлар ва боғлар барпо этилди.
Фахрийлар “Насаф” футбол клуби жамоаси билан учрашиб, келгуси мусобақаларда уларга муваффақиятлар тилашди.
Меҳмонлар Қарши шаҳридаги 17-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасасига ташриф буюришиб, у ерда ўқувчилар учун яратилган шароит, улар дарсдан сўнг қандай юмушлар билан машғул бўлишлари билан қизиқишди, муассаса кутубхонасига китоблар совға қилишди. Оқшомда “Уч авлод учрашуви” вилоят ҳокимлигининг боғида давом эттирилди. Фахрийларни вилоят ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари ҳамда ёшлар гуллар билан қарши олишди. Файзли даврага меҳмонлар, вилоят фаоллари, нуронийлар, сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, ёшлар ва шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизматни ўташ даврида вафот этган ходимларнинг оила аъзолари жамланди.
Дастлаб вилоят прокуратураси органларида ишлаб нафақага чиққанидан кейин ва хизмат бурчини бажараётган даврида вафот этган ходимларнинг ҳаётий фаолиятини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди.
Даврани вилоят прокурори, учинчи даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Салом Самадов кириш сўзи билан очиб, Бош прокуратура прокуратура органлари Фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказининг раиси, учинчи даражали давлат адлия маслаҳатчиси Ботир Калоновга сўз берди. Б.Калонов ўз сўзида ёшлик даври, шўролар тузуми пайтида иш жараёнидаги қийинчиликлар, хизматдаги машаққатлар ва ниҳоят нуронийлик пайтида давлатимиз раҳбари ва Бош прокуратура томонида кўрсатилаётган эҳтиром хусусида тўхталиб, ўзининг самимий фикрларини билдирди. Эл-юрт равнақи йўлида Президентимизга камарбаста бўлиш суҳбатларнинг бош мавзусига айланди. У Бош прокурорнинг Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовни “Ўзбекистон Республикаси прокуратураси Фахрий ходими” кўкрак нишони билан, Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов, Миришкор тумани ҳокими Шерали Санаев ва Шаҳрисабз тумани ҳокими Абдусамад Ҳасановни “Фахрий ёрлиқ” билан тақдирлаш ҳақидаги буйруғини ўқиб эшиттирди ва уларни эгаларига топширди.

Вилоят ҳокими, учинчи даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Муротжон Азимов меҳмонларга ташрифи учун миннатдорчилик билдирди, прокуратура тизимида ишлаганида улардан кўп нарса ўргангани, ҳаётий сабоқ олгани, шу боис меҳмонларнинг ҳар бирини ўзига устоз деб билишини айтди. Шунингдек, у вилоятда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қурилиш ва ободончилик ишларининг бориши, аҳолини рози қилиш учун амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг вилоят прокуратураси органларида самарали хизмат қилган, айни пайтда марҳум ходимларнинг оила аъзоларига Ботир Калонов. вилоят ҳокими ҳамда вилоят прокурори томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
–“Уч авлод учрашуви” биз йиғилганларда катта таассурот уйғотди, -дейди тадбир иштирокчиси, вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Обиджон Қўлдошев. –Устозлар шўролар ҳукмронлиги даврида иш жараёнида кўплаб қийинчиликларга дуч келишган. Оғир, машаққатли меҳнат қилишган. Ҳозир бизларнинг ишлашимиз, касб маҳоратини оширишимиз, ўқиб-ўрганишимиз учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шундай экан, ҳозирги ҳаётимизнинг ҳар бир куни, ҳар бир дақиқасининг қадрига етишимиз, вақтдан унумли фойдаланишимиз керак. Халқимиз ёши улуғ кишиларни нуроний деб бежизга айтмайди. Яъни, улардан нур, яхшилик таралгани учун ҳам шундай дейишади.
Ташрифнинг учинчи куни меҳмонлар вилоят марказини қадим Шаҳрисабз билан боғловчи 110 километрлик автомобиль йўли атрофидаги янги гўзалликларни томоша қилиб, “Илму адаб қуббаси” дея жаҳоний эътироф топган боқий шаҳарга кириб борганликларини ҳам сезмай қолишди. Жаҳон цивилизациясининг қадимий шаҳарларидан бири сифатида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Шаҳрисабзда ўзининг ақл-заковати, беқиёс салоҳияти билан дунёни ҳайратга солган Амир Темур бобомизнинг ўлмас сиймоси жонланади. Шаҳрисабз у улуғ зотнинг бешигини тебратган, уни камолга етказган мўътабар маскандир.
Маълумки, ҳазрат Соҳибқирон қурдирган Оқсарой, Дорус-саодат, Дорут-тиловат ва унинг набираси Улуғбек Мирзо бунёд эттирган Кўкгумбаз жомеъ масжиди, шунингдек, “Коба” обидаси, Молик Аштар масжидига янгидан ҳаёт бағишлангани боис улар шаҳарнинг кўркига кўрк бағишлаб турибди. Шаҳрисабздаги барча бунёдкорликлар моҳиятини қисқача қилиб, “Ўтмиш. Бугун. Келажак” дея таърифлаш мумкин. Шаҳарнинг янги қиёфасида шонли тарихимиз, файзли бугунимиз ва ёруғ келажак яққол акс этган.
Меҳмонлар Шаҳрисабз зиёратини Оқсарой хиёбони олдидаги соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбар қўйишдан бошлашди. Бу ерга Шаҳрисабз тумани ва шаҳри прокуратураси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари тўпланишди. Сўнгра Кўкгумбаз жомъе масжидига боришди. У ерда меҳмонларнинг оёғи тагига жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг улар “Мақом тарихи” музейини томоша қилишди, Темурийлар мактаби тарбияланувчилари билан бўлган учрашув ғоят қизиқарли ва таассуротларга бой бўлди. Мактаб ўқувчиларининг юзларидаги қатъият, илмга, дунёни билишга иштиёқ, етти ўйлаб бир кесиб, меҳмонларга берган саволлари ҳақида мушоҳада юритиб, мамлакатимиз эртаси ишончли қўлларда эканлигини қалбдан ҳис қиласан киши.
–“Уч авлод учрашуви”дан олган хулосамиз шу бўлдики, – дейди Қарши давлат университети талабаси Қутлуғнигор Тоштурдиева. – Мамлакатимиз эришган ютуқларнинг туб моҳиятига етиб бориш учун бугунги ҳаётни кечагиси билан солиштириб кўриш керак экан. Шундагина одам бугунги ҳаётнинг қадрига етар экан. Муҳтарам меҳмонларнинг ҳаёт йўлларидаги машаққатлар хусусида эшитиб, шундай хулосага келдим. Юртимиздаги мислсиз ўзгаришларни ўз ҳаёти, оиласи, қишлоғи, мактаби, ишхонаси мисолида кўрган кишига ўтган кунлар билан бугунги куннинг фарқи ҳамда афзалликлари ҳақида ташвиқот юритишга ҳожат қолмас экан.
Норбўта Ғозиев,
фахрий журналист.