Гендерга оид аудит институти яратилмоқда
Давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Бунга Сенат ялпи мажлисида маъқулланган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун ҳуқуқий асос яратади.
Қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, жумладан, кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолатини, шунингдек, гендерга доир комплекс ёндашувни ўрганиш ва баҳолаш фаолияти гендерга оид аудит сифатида белгиланмоқда.
Нендерга оид аудитда давлат органлари ва ташкилотларида хотин-қизлар ва эркаклар сонининг нисбатини ҳамда гендерга доир комплекс ёндашув асосида ташкил этгани ҳолати ўрганилади. Гендер тенгликни таъминлаш соҳасидаги қонунчиликнинг ижро этилиши баҳоланади.
Қонунда гендерга оид аудит уч йиллик режага асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилади.
Унинг натижаларига доир ахборот ва таклифлар Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссиясига юборилади.
Гендерга оид аудит натижалари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
ЎзА