Ғазо шимолидаги шифохоналар ишламаяпти
Ғазо шимолида барча шифохоналар ишдан чиққан. Соғлиқни сақлаш тизими қамалдаги Индонезия касалхонасида қолганларни эвакуация қилиш масаласини БМТ билан мувофиқлаштирмоқда. Бу ҳақда ташкилот масъул вакили Aшраф Ал-Қудра “Aнадолу”га маълум қилган.
Мазкур шифохонада 2600 киши, жумладан 200 тиббиёт ходими, 400 ярадор ва уларнинг ҳамроҳлари, шунингдек уйини ташлаб чиққан 2000 фаластинлик бор.
Aл-Қудра эслатишича, Халқаро Қизил Хоч жамияти билан келишилган ҳолда, 100 дан зиёд ярадор Ғазо жанубига етказилган, Исроил кучлари минтақадаги ягона диализ маркази – Нура ал-Каъби тиббиёт марказини ҳам қуршаб олган.
Aл-Шифо касалхонасидаги вазиятни шарҳлар экан, вакил ушбу тиббиёт муассасасида ҳали 259 ярадор, шунингдек улар билан бирга кўп сонли уйини тарк этган фаластинликлар ва тиббиёт ходимлари борлигини таъкидлаган.
– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти делегацияси бир неча кун олдин “Aл-Шифо”га борди ва эвакуация масаласини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилди, – деди Aл-Қудра. – Афсуски, ҳозирча бу борада ҳеч қандай ижобий янгилик йўқ.