Ғазал мулки султонининг 584 йиллиги нишонланмоқда
Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий таваллудининг 584 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятидаги олий ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари, давлат ва нодавлат ташкилотларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган тадбирлар ғазал мулкининг султони –Навоий бобомизнинг пойига гул қўйишдан бошланди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилоят бўлими, Ёзувчилар, Журналистлар уюшмаларининг Сирдарё вилоят бўлимлари аъзолари, ёзувчи ва журналистлар, Гулистон давлат университети, Гулистон давлат педагогика институти профессор -ўқитувчилари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ҳайкал пойига гул қўйиб, шоир сиймосига таъзим бажо келтирди.
–Мана 6 асрдирки, Навоий бобомизнинг асарлари ўз қадр-қиммати, бетакрорлигини йўқотгани йўқ. Уларни қанчалик кўп ўқиганинг, ўрганганинг сари шунча кўп ҳайратга тушасан, –дейди тадбирда иштирок этган Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввар Пардаев. –Шоир шеърлари умрбоқий ғоялари, юксак бадиияти билан дилларни қайта-қайта ҳайратга солади. Кишиларни эзгуликка, гўзалликка чорлайди, руҳни, кўнгилларни поклайди, шууримизни самимий туйғулар оламига ошуфта этади.
Навоий таваллуди муносабати билан ўтказилган маданий-маърифий тадбир давомида бу фикрлар профессор-ўқитувчи, шоир ва ёзувчилар томонидан яна бир бор эътироф этилди.
Ушбу тадбир вилоят мусиқали драма театрида ўтказилган байрам тадбирига уланиб кетди. Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилоят бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов сўзга чиқиб, Навоий асарлари ҳар кун ўқилиши кераклигини таъкидлади.
[gallery-21637]
Тадбир сўнггида вилоят мусиқали драма театрида "Навоий наволари" деб номланган концерт дастури намойиш қилиниб, унда Навоий ғазаллари билан айтиладиган мумтоз ашулалар, дилбар рақслар ижро этилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири