Газ келгач арчаларни кесиш тўхтади
Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Кўкбулоқ, Ўртадара, Боғобод, Чуқур, Қизилқишлоқ, Чакчак, Довуд ва Катта ўра қишлоқлари тоғли ҳудудда жойлашган. Ушбу қишлоқлар аҳолиси асосан чорвачилик ва боғдорчилик билан тирикчилик қилишади.
Тоғ табиати гўзал. Мусаффо ҳаво, муздай булоқ сувлари кишини ўзига ром этади. Кутилмаган аномал совуқдан кейин балқиган қуёш бу ерларга ҳам баҳор нафасини олиб кирган, мағрур тоғлар яшил тусга кира бошлаган. Қўй-қўзилар аллақачон далага чиқариб юборилган. Шўх улоқчалар тошдан-тошга сакрайди...
Таъкидлаш лозимки, Давлат раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи вилоятдан танлаб олинган ҳудуд сифатида Қамаши туманида жорий йилнинг 30 январь – 6 февраль кунлари аҳоли муаммоларини маҳаллалар кесимида уйма-уй, “хонадонбай” асосида ўрганди. Фуқароларни қийнаб келаётган ва узоқ йиллардан буён ечимини кутаётган муаммоларига ечим изланди.
[gallery-10489]
Фотомухбир билан биз ҳам ишчи гуруҳ ўрганишларидан кейинги тоғли ҳудуд одамларининг турмуш тарзи, кайфияти билан қизиқдик. Шу мақсадда тумандаги “Катта ўра” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Ёлтош қишлоғига бордик. Туман марказидан 75 километр узоқликда жойлашган қишлоқ аҳолисининг ҳам асосий даромади чорвадан.
Биз борган куни тумангаз ташкилоти вакиллари қишлоққа суюлтирилган газ баллонлари тарқатаётган экан. Тўғрида, олис тоғли ҳудуд аҳолисининг биргина суюлтирилган газ баллонлари билан узлуксиз таъминланиши, уларнинг турмуш тарзини қанчалик ўзгаришига хизмат қилмоқда. Нега, дейсизми? Боиси қиш-қировли кунларда тоғ шароитида бир чойнак чой қайнатиш учун ҳам ўчоққа ўтин қалаш, тутунга ботиб уни қайнатиш керак. Ўтин қуруқ бўлсаку хўп-хўп, агар нам бўлса, ташвиш икки карра ортади.
91 ёшни қарши олган Назар бобо Менглиқуловнинг умри ҳам мана шу тоғу тошлар орасида ўтган. Бугун кексалик гаштини сураётган отахон ўтган йилларни шундай эслайди.
– Узоқ йиллар ўрмон хўжалигида ишладим, – дейди Назар бобо. – Яшаш шароитимиз жуда оғир эди. Айниқса, қиш кунлари қийналардик. Оддий ош-овқат қилиш учун тоғдаги арчаларни кесиб келардик. Мана бир неча йилдан буён ҳукуматимизга минг раҳмат газ баллон вақтида келяпти. Электр бор. Йўлларимиз обод бўляпти. Туман марказига ҳам қийналмай бориб келяпмиз. Бундан ортиқ нима керак одамга. Ўрмончи бўлганим учун бир нарсага жуда қувонаман. Газ келгач арчаларни қирқиш тўхтади сизга айтсам. Энди уйга меҳмон келса, ҳеч оғринмай чой қайнат деб айтиб юбораверамизда.
Ҳа, самимий тоғ одамларининг ўй-хаёллари ҳам содда. Улар ўтаётган ҳар бир кунига шукрона келтиради. Озгина қулайликлардан ҳам қувонишади. Раҳбарларнинг эътибори бизнинг олис тоғ қишлоқларимизгача етиб келганининг ўзи биз учун катта бахт, дейди улар.
Шу қишлоқлик Жумагул Ибодова ҳам ёш оиланинг соҳибаси. Бир ёшдан эндигина ўтаётган фарзанди билан уй юмушлари, ошхона ташвишларига ҳам улгуриши керак. Қишлоққа суюлтирилган газ баллонларининг узлуксиз келиб туриши унинг ҳам ташвишларини енгиллаштирган.
– Рости аёллар учун ошхона ишлари кўзга кўринмайди, лекин анчагина ташвишли, – дейди у кулиб. – Очиғи ҳозир ўчоққа ўтин қалаб овқат қилишни, қумғонда чой қайнатишни тасаввур қила олмайман. Газ бор. Фарзандим тарбиясига ҳам бемалол улгураман.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан халқ манфаатини ўйлаб олиб борилаётган ислоҳотлар олис қишлоқларгача етиб бормоқда. Аҳолининг турмуш тарзи фаровонлашишига хизмат қиляпти.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат)