Ғайрат Мажид: “Оппоқ табассум”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Истеъдодли шоир Ғайрат Мажиднинг “Оппоқ табассум” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг Янги Ўзбекистон, инсон қадри, Ватанга муҳаббат, меҳр-оқибат ва салафларга чексиз эҳтиром руҳи акс этган шеърлари, “Хўжаилмкони”, “Адабиёт боғи” каби маърифий достонлари жой олган.
Китобни қўлга оларкансиз, табассумда ҳам ранг бўлиши мумкинми, – деган ўй кўнгилдан бирров ўтади.
– Ғайрат Мажид янги китобини “Оппоқ табассум” деб қўйибди. У нафақат китобдаги шеърларнинг рангини, балки унда изҳор этилган туйғулар, тасвирланган манзаралар, ҳис этилган сезгилар, талаффуз қилинган товушларнинг рангларини ҳам оппоқ рангда тасаввур қилади ва китобхонга тақдим этади... Нафақат табассумнинг, бу дунёю у дунёдаги ҳамма нарсанинг ранги бўлади. Фақат уни кўриш, сезиш ва ҳис этиш керак. Халқимизда “Оқ фотиҳа”, “Оқ ювиб, оқ тараган”, “Оқ йўл”, “Оқ кўнгил” каби атамалар бор. Буларнинг ҳар бирининг тагида теран мазмун мужассам, деб ёзади китоб сўнгсўзида атоқли олим, академик, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи Шуҳрат Сирожиддинов.
Китоб мутолаасига киришишингиз билан Шуҳрат Сирожиддинов таъкидлаган “оқлик”ка дуч келаверасиз.
Шоир “Изҳор” номли кичик бир шеърида Ватанни қандай севишини ўзига хос камтарлик билан ифодалайди. Сўзни авайлаб, тежаб ишлатади.
Кўнгилни тош айлар дарди беғамлик,
Фалакдан баланддир
Шу замин,
Шу ер.
Мингта достон битсам қилади камлик,
Арзийди минг йиллаб йиғлаб ёзсам шеър.
Тинмайди юрагим кўксимга уриб,
Лолалар бошида кўр алвон шонни.
“Ватан-ватан”, дея жар солмай туриб,
Жимгина севаман Ўзбекистонни...
Мутолаа жараёнидаёқ қалбга ёруғлик, оқ нур инаётганини, Ўзбекистон отлиғ Ватан сизнинг ҳам жисму жонингизда яшаётганини ҳис қиласиз.
Шоир, аввало, ўзидаги туйғуни ўзгалар, шеърхон, маърифат аҳли қалбига ҳам кўчириши лозим. Шу маънода истеъдоли шоир Ғайрат Мажиднинг шеърий иқтидори, маҳоратига тан берасиз.
Шоирнинг “Сафардафтар” рукнидан жой олган шеърлари, айниқса, мароқ билан ўқилади.
Мен бенаво дилимга
наво истаб келибман,
Дарднок, хаста жонимга
даво истаб келибман, дея ёзади Ҳазрат Алишер Навоий марқади қошида туриб шоир...
Ёки Мавлоно Яъқуб Чархий зиёратида:
Чархий бобо, мен ҳузури муборакка,
Ўтмас дилни чархлагани келгандирман.
Тинмай кўксим ураётган қон юракка,
Қон дилимни шарҳлагани келгандирман, - дея арзи ҳол қилади.
Мавзулар ранг-баранглиги, шеърлар алоҳида-алоҳида қисмларга ажратилганлиги, қолаверса, географик кенглик – ҳамма-ҳаммаси шоир руҳий олами нечоғли кенглигига далолат қилади.
Ҳақиқий асар, шеърда товланаётган ранглар олами хилма-хил бўлиши мумкин, аммо бу турфалик замирида энг аввало ҳаётга муҳаббат, ёруғлик, оқлик кўриниб туриши лозим. Ғайрат Мажид ҳар кун порлаб турган қуёш юзини булут тўсганда ҳам, борлиқ-олам ногоҳ қоронғулик бағрида чўмганда ҳам эзгуликни – оқ рангни кўра оладиган нигоҳлари тийрак, некбин шоир.
Сиз етмаган имконларга етгайман мен,
Сиз битмаган достонларни битгайман мен,
Қанча довон бўлса ошиб ўтгайман мен,
Ватан, сенинг ғамларингни ўлдираман,
Ватан, сенинг камларингни тўлдираман.
Қадамларим етган тоғлар тупроқ бўлар,
Тупроқларни илғагувчи япроқ бўлар,
Йўлларимдан бисотларим кўпроқ бўлар,
Ватан, сенинг ғамларингни ўлдираман,
Ватан, сенинг камларингни тўлдираман.
Ётар бўлсам юлдузларга бош қўяман,
Юрагимнинг нурларидан ош қўяман,
Қайғу келар йўлларингга тош қўяман,
Ватан, сенинг ғамларингни ўлдираман,
Ватан, сенинг камларингни тўлдираман.
Боболарим каби эл деб, эр бўламан,
Мен Навоий кўнглидаги шеър бўламан,
Ғайратим-ла шеър ичинда шер бўламан,
Ватан, сенинг ғамларингни ўлдираман,
Ватан, сенинг камларингни тўлдираман...
Ғайрат Мажиднинг “Оппоқ табассум” номли янги китобини, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА