Ғарбдан шарққа томон ипак йўли бўйлаб
28 апрель куни Туркиянинг Истанбул шаҳридан йўлга чиққан “Шарқ-Ғарб Ипак йўли” автораллиси иштирокчилари Самарқанд шаҳрига етиб келди.
Туркия, Германия, Белгия, Италия, Англия, Болгария давлатлари вакилларидан иборат гуруҳ шу пайтгача Грузия, Озарбайжон ва Туркманистон давлатларидан ўтиб, аввал Хива ҳамда Бухоро шаҳарларида бўлди.

Ралли иштирокчилари Туркиянинг Самарқанддаги Бош консули Сердар Дениз билан учрашиб, сафар таассуротлари билан бўлишди. Учрашувда авторалли орқали давлатлар ва миллатлараро дўстлик, биродарлик алоқалари мустаҳкамланаётгани, турли халқлар вакиллари ҳамжиҳатликни тарғиб этаётгани таъкидланди.
– 20-30 йиллик автомобилларда чўллардан, тоғлардан, турли шароитдаги йўллардан ўтиб, Самарқандга етиб келдик, – дейди “Шарқ-Ғарб Ипак йўли” раллиси раҳбари Надир Серин. – Автосаёҳат давомида ҳар хил вазиятлар юзага келмоқда, автомобилларда носозликлар кузатиляпти, лекин барини биргалашиб енгиб ўтяпмиз. Бухородан Самарқандга келаётганимизда қизиқ ҳолат бўлди. FIAT русумли автомобилларимиздан бирида жиддий носозлик юзага келди. Омадимиз бор экан, бухоролик яхши устага йўлиқдик ва у жуда моҳирлик билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган “Матиз” русумли автомобилнинг эҳтиёт қисмини носоз автомобилимизга ўрнатиб берди.

Хивада, Бухорода бўлганимизда аҳоли автомашиналаримизга қизиқиб, суратларга тушди, улар билан суҳбатлашдик. Ижтимоий тармоқларда биз ҳақимизда фикр билдиришди. Бу каби раллиларнинг асл мақсади ҳам шу одамлар орасида дўстлик, оқибат ўлмаслиги, сиз ғарбда яшайсизми ёки шарқликмисиз, бунинг аҳамияти йўқ. Дунёнинг қайси чеккасида истиқомат қилмайлик, биз инсонмиз ва шу номга муносиб қолишимиз керак.
“Шарқ-Ғарб Ипак йўли” раллиси 2009 йилдан буён ўтказиб келинади ва ўтган йил у “Тунадан Орхунгача Ипак йўли раллиси” номи билан ўтказилган эди. Марказий Осиё давлатлари ҳам 5 йилдан буён мазкур автораллининг муҳим нуқталарига айланган. Иштирокчиларнинг кейинги манзили Қозоғистон шаҳарлари бўлиши кутилмоқда.


Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири