Гандбол: тарихий ғалабага эришилди
Хабар берганимиздек, Иорданиянинг Аммон шаҳрида гандбол бўйича аёллар ўртасида ўтказилаётган Осиё чемпионати деярли ўз поёнига етиб бўлди.
Бугун 25 сентябрь куни чемпионат доирасида Ўзбекистон учун муҳим бўлган учрашув ўтказилди. Унда терма жамоамиз аъзолари мураккаб ва руҳий босим остида ўтган беллашувда матонат кўрсатишди ва Гонконг вакилларини 28:25 ҳисобида мағлубиятга учратиб, жорий йилнинг 1-19 декабрь кунлари Испанияда ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ватанимиз спортчиларининг ушбу ғалабаси Ўзбекистон спортчи қизлари тарихида иккинчи марта гандбол бўйича жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлишини таъминлади.
Эслатиб ўтамиз, бунгача Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 1997 йили Германияда ўтган дунё биринчилигида қатнашган эди. Ўшанда ўз гуруҳида Хорватия, Норвегия, Франция, Беларусь ва Канада терма жамоаларига қарши баҳс олиб борганди.
Ушбу зафарли одим билан мамлакатимиз гандболчилар жамоасини муборакбод этамиз.
Т. Рўзиев,
ЎзА