Гандбол: Жаҳон чемпионатининг бугунги баҳсида Ўзбекистон жамоаси Фижи билан куч синашади
Руминияда гандбол бўйича U18 аёллар миллий терма жамоалари иштирокида ўтказилаётган жаҳон чемпионати баҳслари ўзининг юқори нуқтасига яқинлашмоқда.
Мазкур дунё биринчилиги мамлакатимиз гандболчи қизлари учун катта тажриба мусобақаси бўлди.
Чемпионатда илк бор иштирок этган ҳамюртларимиз гуруҳ босқичида Испания, Германия сингари гигантлар билан ўз гуруҳида куч синашган бўлса, кейинги босқич ҳисобланган Президент кубоги мусобақаларида Ўзбекистон терма жамоаси Португалия, Аргентина жамоалари билан рўбарў келди.
Мазкур ўйинларда ўзига хос тажриба тўплаган гандболчи қизларимиз кеча 29-32-ўринлар учун ўтказилган дастлабки ўйинда Жазоир жамоаси қаршилигини енгишга ҳаракат қилди.
Катта руҳий босим остида ўтган қарама-қаршиликда ишончли ва мазмунли ўйин намойиш этган гандболчи қизларимиз рақибларини 38:30 ҳисобида доғда қолдирди.
Бугун, 7 август куни Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Фижи жамоаси билан тўқнаш келади.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон чемпионати ўйинлари 9 августга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА