Гандбол: “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг бу йилги совриндорлари аниқланди
Мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва иқтидорли ёшларни кашф этишга хизмат қилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг эркаклар жамоалари ўртасида ўтказилган гандбол мусобақалари шиддатли баҳслари билан алоҳида ажратиб турди.
Ҳудудларда бешта босқичда ташкил этилган баҳсларда сараланган 14 та жамоа республика финал босқичида ўзаро куч синашди.
Эътиборли жиҳати, нафақат ғалаба учун, балки ўз маҳорати, жамоавийлиги ва спортдаги салоҳиятини намоён этиш учун кураш олиб борган 14 та жамоанинг ҳар бири финалда кураш олиб боришга ҳақли эди.
Аммо спорт майдонида маҳорат билан бирга омад ҳам натижаларнинг қай тарзда якунланишига таъсир кўрсатади, деганларидек ҳал қилувчи финал учрашувида Тошкент шаҳри ва Фарғона вилояти жамоалари тўқнаш келди.

Юқори шиддатда кечган финал ўйинида тошкентлик гандболчи йигитлар рақибларини 18:12 ҳисобида мағлуб этиб, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги”ни қўлга киритди.
Ёш спортчилар учун катта спортга қадам қўйиш, янги тажриба орттириш ва ўз қобилиятини намоён этиш учун муҳим майдон вазифасини бажарган мазкур мусобақада кумуш медаллар фарғоналикларга насиб этган бўлса, бронза медаллари Самарқанд вилояти жамоасига тегишли бўлди.
Ҳудудларда гандбол спортига бўлган қизиқишни янада ошириш, янги истеъдодларни аниқлашга қаратилган “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси кубоги” якунида ғолиб ва совриндор жамоалар, энг яхши кўрсаткич қайд этган истеъдодли гандболчилар медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Т.Рўзиев, ЎзА