“Ғамхўрлик” марказида меҳнат терапияси: имконият ва натижа
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Поп туманидаги “Ғамхўрлик” марказида ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ва мустақил ҳаётга тайёрлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
“Марғизор” МФЙ ҳудудида жойлашган, 320 ўринга мўлжалланган марказда яшовчилар учун тиббий, ижтимоий ва касбий йўналишларда зарур шароитлар яратилган.
Айни пайтда марказда 25 дан ортиқ касбий ва тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилиб, уларга 200 нафардан зиёд яшовчи жалб этилган. Бу ерда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш мақсадида Касбий кўникмаларни ривожлантириш маркази ҳам фаолият юритмоқда.
[gallery-31505]
Меҳнат терапияси асосида паррандачилик, чорвачилик, беданачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, кўчатчилик, гидропоника ва нонвойлик каби йўналишларда машғулотлар ташкил этилган.
Ушбу йўналишлардаги фаолият яшовчиларга муайян касбий кўникмаларни эгаллаш, ўзини ўзи банд қилиш ва даромад топиш имконини бермоқда. Энг муҳими, бу жараён уларнинг кундалик ҳаётда мустақил қарор қабул қилиши ва меҳнат кўникмаларини шакллантиришига хизмат қилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров марказда яратилган шароитлар ва меҳнат терапияси асосида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Ташриф давомида марказда йўлга қўйилган самарали тажрибани ўрганиш ва уни бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА