Ғалла – 2022: бу йил ҳосил жуда мўл бўлди
Фарғона вилоятининг Қува туманида халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ғалла ҳосилини тез ва сифатли йиғиб олиш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Шу мақсадда туманда 19 та ўрим-йиғим отрядлари ташкил этилиб, ҳар бир отрядга юқори унумли комбайнлар, ташиш, ёқилғи-мойлаш техникалари бириктирилди.

Қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғоялар жорий этилиши қўлга киритилаётган ютуқларда муҳим омил бўлмоқда. Айни жараёнда Фарғона вилоятида ҳам замонавий мезонлар асосида буғдой навларини янгилаш, агротехник тадбирлар жараёнига қишлоқ хўжалиги олимларини кенг жалб этиш, фермер хўжаликлари моддий манфаатдорлигини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Бу йил 5 минг 755 гектар ғалла майдонидан 21 минг 102 тонна буғдой йиғиштириб олишни мақсад қилганмиз, – дейди Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров. – “Барака Қува ун” ғаллачилик кластери ҳамда тумандаги 240 фермер хўжаликлари томонидан белгиланган агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилиши натижасида мўл ҳосил етиштирилди. Дастлабки уч иш кунида йигирмага яқин фермер хўжаликлари шартнома режасини бажариб, ҳар гектар ердан ўртача 85-100 центнердан ҳосил олишга муваффақ бўлди.

“Садриддин Қува Ристаев” фермер хўжалиги аъзоларининг 34,8 гектар ерда етиштирилган буғдойнинг ҳар гектаридан олган ҳосил салмоғи 100 центнерни ташкил этди. Фермер хўжалиги раҳбари Азизбек Ристаевнинг қайд этишича, тажриба тариқасида хориждан серҳосил ғалла нави олиб келиб экилгани кутилган самарани берди. Кўп тармоқли фермер хўжалиги тасарруфида ун заводи, хизмат кўрсатиш ва сервис шохобчалари фаолият кўрсатади. Фермер буғдойдан олинадиган бу йилги фойда ҳисобига 200 тонна сиғимга эга мева-сабзавот сақлашга ихтисослашган музлаткичли омборхона қуришни режалаштирмоқда.

– Ҳар куни давлат омборларига 80 тонна ғалла топширяпмиз, – дейди “Мақсуд Маҳмуд Мансур” фермер хўжалиги раҳбари Мақсутали Жалилов. – Ҳар йилгидан кўра ҳосил мўл бўлди. Ҳар гектар ердан ўтган йилга нисбатан 5,6 центнер кўпроқ ҳосил олиняпти. Ҳисоб-китобимизга кўра, ўртача 85 центнер ҳосил олиш имконимиз бор. Албатта, бундай мўл-кўлчилик халқимиз дастурхони тўкинлигига хизмат қилади.

М. Сулаймонов, ЎзА