Ғалабага элтувчи йўл: Бухоро божхона бошқармаси кубоги
Ёшлар — мамлакат келажаги, спорт эса уларнинг куч-қудрати, иродаси ва ўзига бўлган ишончини тарбиялайдиган муҳим мактабдир. Шу боис юртимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни аниқлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, оммавий спортни ривожлантириш орқали соғлом, иродали ва ватанпарвар авлодни тарбиялаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар уйғунлигида Бухорода ёшлар ўртасида енгил атлетика бўйича “Бухоро вилояти божхона бошқармаси кубоги” мусобақаси ташкил этилди. Унда 2007 йилда туғилган ўсмирлар ва қизлар, шунингдек, ундан кичик ёшдаги иқтидорли спортчилар иштирок этиб, енгил атлетиканинг турли йўналишларида ўз куч ва маҳоратини синовдан ўтказди.

Мусобақанинг очилишида Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б. Муратов ҳам иштирок этиб, ёш спортчилар билан самимий мулоқот қилди. У иштирокчиларга омад, бардамлик ва юқори натижалар тилаб, бугунги мусобақа нафақат ғолибларни аниқлаш, балки ёшларнинг спортга бўлган қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Беллашувлар чинакам спорт руҳида, қизғин ва муросасиз кечди. Ёшлар узунликка сакраш, уч ҳатлаб сакраш, спортча юриш, турли масофаларга югуриш ҳамда ядро улоқтириш каби йўналишларда ўз имкониятларини намоён этди.
Ҳар бир иштирокчи учун маррага етиб боришнинг ўзи катта синов бўлди. Кимдир сониянинг юздан бир улуши учун, яна кимдир бир неча сантиметр учун курашди. Аммо мусобақанинг энг катта ютуғи — ёшларнинг спорт майдонига чиқиб, ўз кучига ишонч билан беллашганлари бўлди.

Енгил атлетика инсондан нафақат жисмоний тайёргарлик, балки кучли ирода, сабр-тоқат, қатъият ва интизомни ҳам талаб этади. Шу жиҳатдан мазкур мусобақа ёшлар учун ўзига хос ҳаёт мактаби вазифасини ҳам ўтади. Зеро, спорт майдонида шаклланган матонат ва интилиш келажакдаги катта мақсадлар сари дадил қадам ташлашга хизмат қилади.
Мусобақа якунида энг юқори натижаларни қайд этган ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди. Уларга диплом, медаль ва эсдалик совғалари топширилди. Ёш чемпионларнинг юзидаги қувонч, ота-оналар ва мураббийларнинг фахри эса ушбу спорт байрамининг энг ёрқин манзараларидан бири бўлди.
Бугун спорт майдонида ўзини намоён қилаётган ҳар бир ёшнинг қалбида катта орзу бор. Балки бугунги мусобақада илк бор медаль олган спортчи эртага мамлакатимиз шарафини халқаро ареналарда ҳимоя қилар. Балки бугун кичик бир ғалабадан илҳомланган ўсмир келажакда енгил атлетика тарихида ўз номини қолдирар.

Шунинг учун бундай мусобақаларнинг аҳамияти фақат натижа ва медаллар билан ўлчанмайди. Энг муҳими, улар ёшларни ҳаракатга, интилишга, соғлом ҳаёт тарзига ва ғалабага ишонишга чорлайди.
Зеро, катта ғалабалар аввало кичик марралардан бошланади. Бугун спорт майдонида югураётган, сакраётган ва ўз имкониятини синаётган ёшлар — эртанги куннинг кучли, соғлом ва Ватанга муносиб авлодидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири