Ғалаба руҳи ва келажак сари дадил қадам
Бухорода ёшларнинг жисмоний ва маънавий камолотига хизмат қилувчи икки муҳим лойиҳа – “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларининг вилоят босқичига қуръа ташлаш тадбири бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир нафақат спортчилар ва ёшлар, балки кенг жамоатчилик учун ҳам ўзига хос байрамга айланди. Зеро, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати самаралари бугун ана шундай ташаббусларда янада яққол намоён бўлмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун кенг имкониятлар яратилаётганини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионатига йўлланма олгани мамлакат спорт тарихидаги улкан воқеа эканини қайд этиб, вакилларимизга нуфузли мусобақада муваффақиятлар тилади.

Дарҳақиқат, бугун спорт майдонларида тобланаётган ёшлар эртанги куннинг муносиб раҳбарлари, ҳарбийлари, мутахассислари ва Ватан таянчи ҳисобланади. Шу маънода “Шижоат ва ғайрат” мусобақалари ёшларда жасорат, интизом, матонат ва ватанпарварлик фазилатларини шакллантирса, Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақалари уларнинг иқтидори ва спорт маҳоратини намоён этиш учун кенг имконият яратмоқда.
Тадбирда қайд этилганидек, бугун минглаб ёшлар спорт орқали нафақат жисмонан бақувват бўлиб бормоқда, балки ҳаётда аниқ мақсад қўйиш, ғалаба учун интилиш ва жамоа билан ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш каби муҳим ҳаётий кўникмаларни ҳам эгалламоқда.

Маросим доирасида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган жамоалар ҳамда турли номинациялар бўйича фаоллик кўрсатган ёшлар тантанали равишда тақдирланди. Бу эътироф уларнинг меҳнати ва интилишларига берилган муносиб баҳо бўлди.
Мусобақанинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, республика босқичида энг юқори натижани қайд этган жамоа аъзолари олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига кириш учун тавсиянома олиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, финал босқичида юқори ўринларни эгаллаган жамоалар маҳаллалари учун замонавий спорт инфратузилмалари барпо этилади. Бу эса ёшларни спортга янада кенг жалб қилишга хизмат қилади.

Шундан сўнг ёшлар ўртасида футбол, мини-футбол ва қизлар футболи бўйича Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларининг вилоят босқичига қуръа ташлаш маросими ўтказилди. 2021 йилдан буён анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур мусобақалар бугун ёшларнинг энг севимли спорт лойиҳаларидан бирига айланган. Айниқса, қизларнинг ҳам кенг иштирок этаётгани мамлакатимизда гендер тенглик ва оммавий спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини кўрсатмоқда.

Эътиборлиси, “Шижоат ва ғайрат” ҳамда ДХХ кубоги мусобақалари мазмун-моҳият жиҳатидан бир-бирини тўлдирувчи лойиҳалардир. Биринчиси ёшларда ватанга садоқат, матонат ва ҳарбий тайёргарликни шакллантирса, иккинчиси уларнинг спорт салоҳиятини юксалтириш, иқтидорини кашф этиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга хизмат қилади.
Бухорода ўтказилган мазкур тадбирлар ёшларга бўлган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди. Бу каби лойиҳалар орқали мамлакатимизда жисмонан бақувват, маънан етук, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси юқори бўлган авлод вояга етмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири