Габриэль Маркеснинг танланган ҳикояларини ўзбек тилига ўгирган таржимон 70 ёшни қаршилади
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиётшунос, таржимон ва ношир Бобохон Муҳаммад Шарифнинг 70 йиллик юбилейи ҳамда ижодий кечаси ўтказилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабиётшунос, таржимон ва ношир Бобохон Муҳаммад Шарифнинг 70 йиллик юбилейи ҳамда ижодий кечаси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, адабиётшунос, академик Наим Каримов, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, Озарбайжон миллий маданият маркази раиси Самир Аббосов, адабиётшунос олим Адҳамбек Алимбеков ва бошқалар Бобохон Муҳаммад Шарифнинг ўзбек адабиёти, хусусан, таржима йўналишидаги ижодий изланишларини алоҳида эътироф этди.
Бобохон Муҳаммад Шариф илк фаолиятини “Муштум” журналидан бошлаган. Кейин “Тошкент оқшоми”, “Ўзбекистон” нашриёти, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи каби қатор ижодий ташкилотларда самарали меҳнат қилган. Халқаро Маҳмуд Қошғарий ва Турк дунёсига хизмат мукофотларининг совриндори.
Бобохон Муҳаммад Шариф чет эл матбуотида Ўзбекистон ёзувчи-шоирлари ҳақида кўплаб илмий мақолалар эълон қилган. Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон мамлакатларида ўтказилган кўпгина халқаро илмий анжуманларда ўзбек адабиёти ҳақида илмий маърузалари билан фаол иштирок этиб келади.
Муаллифнинг “Қатрада акс этган қуёш”, “Туркча сўзлашайлик”, “Ҳақдан халққа”, “Ақл ўйинлари” (болалар учун 5 китобчадан иборат), Комилжон Отаниёзовнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган “Мен кетарман ишқнинг йўлина”, “Ўзбекча-озарбайжонча, озарбайжонча-ўзбекча луғат” (30 минг сўзли) сингари китоблари чоп этилган. Шунингдек, унинг ҳаммуаллифликдаги “Шоир ва жамоатчи”, “Жамиятни эркинлаштириш ва маънавият” публицистик тўпламлари, рус тилидаги “Пламенный певец”, турк тилидаги “Özbekçe konuşalım”, “Türkçe-Özbekçe konuşma kılavuzu”, “Şafak söker” (“Тонг отар”) китоблари эълон қилинган.
Бобожон Муҳаммад Шариф таржимон сифатида ҳам баракали ижод қилмоқда. У русчадан 7 та китоб ва рисолани, Бранислав Нушичнинг “Жамоанинг боласи” романини, Габриэль Гарсиа Маркес танланган ҳикоялар тўпламини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекчадан туркчага Чўлпон, Ойбек, Омон Матжон, Хосият Рустамова шеърларини таржима қилиб, Туркия журналларида эълон қилган. “Ўрта асрларда Шарқнинг буюк олимлари ва мутафаккирлари” китобини ўзбек тилидан турк тилига ўгирган.
Бобохон Муҳаммад Шариф жорий йилнинг 1 май куни 70 ёшни қаршилади.
Тадбирда таниқли шоир ва ёзувчилар, ёш ижодкорлар, адибнинг дўсту яқинлари ва адабиёт мухлислари иштирок этди.