Гўзаллик яратаётганлар
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, тиббий хизматдан фойдаланиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, тиббий хизматдан фойдаланиши, мазмунли ҳордиқ чиқариши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоялангани, оналик ва болаликнинг муҳофаза қилингани, аёлларнинг ўзига оро бериши, маданий ҳордиқ чиқариши учун яратилган қулай шароитлар боис опа-сингилларимиз ҳам қалбан, ҳам жисман янада гўзаллашмоқда.Ўтмиш манзараси
Ёзувчи Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” асарида шундай лавҳа бор: Деҳқонқул кун бўйи ишлаб ҳориганидан пиш-пиш ухлаётган аёлининг абгор ҳолига боқиб, хаёлга чўмади. “Бечора далада-да бир кўйлакда юради, уйда-да бир кўйлакда юради. Бечора кунда-да бир кўйлак кияди, тунда-да бир кўйлак кияди. Бечора ҳафталаб бир кўйлак кияди, ойлаб бир кўйлак кияди. Кўйлак алмаштирайин демайди... Ойна қараш учун вақт тополмайди...”, деб куюнади у.
Асар қаҳрамонининг бу ўйлари мустабид тузум даври аёллари учун оддий воқелик эди. Қишлоқ аёллари саҳармардонлаб бола опичлаб далага чиқиб кетар, куни билан ишлаб, чарчаб уйга келгач ҳам тиним билмасди. То қора кечгача рўзғор юмушлари билан андармон бўлар, эрталабга овқат тайёрлаб, кир юварди. Ўт ёқиб, тандир қиздиргунча яна тонг ёриша бошларди.
– Ўша вақтлар “тенглик” деганда бугунгидек тенгҳуқуқлиликни эмас, эркаклар билан тенгма-тенг далада оғир меҳнат қилишни тушунганмиз, – дейди самарқандлик Зайнаб Эржигитова. – Аёллар рўзғор юмушларини бажариш билан бирга сувчилик, тракторчилик, қурувчилик билан шуғулланарди. Ўзига қараб, батартиб юрадиганлар масхара қилинарди. Энди ўйласам, “тенглик” дея табиий меъёрлар унутилган, аёл деган нозик хилқатнинг елкасига залворли юклар ортилган экан. Яратганга шукр, бугунги қизларимиз бошимиздан ўтган ана шу оғир кунларни фақат биз каби катталарнинг хотиралари орқали билади. Ўша дилхираликлар акси бугун хира тортган суратларда қолган, холос.
Гўзаллик – комилликка даъват
“Дунёда яхши нарсалар кўп. Улардан баҳраманд бўлиш одамларни шод этади ва табиатларини покиза қилади, аммо ҳеч нарса гўзал юз ўрнини боса олмайди, чунки гўзал юз шундай қувонч бахш этадики, бошқа ҳеч қандай қувонч унга тенг кела олмайди. Айтадиларки, гўзал юз дунёда саодат сабабчисидир”, деб ёзади Умар Хайём “Наврўзнома” асарида. Демак, инсоннинг ташқи гўзаллиги унинг ўзигагина эмас, атрофидагиларга ҳам хушнудлик, яхши кайфият бағишлайди.
Бугунги кунда кўплаб хотин-қизларимизнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, “Гўзаллик салон”лари, саломатлик марказларига бориши кундалик турмушимизда тобора оддий ҳолга айланаётганидан қувонамиз. Зеро, аёл – аввало она, оила гултожи, миллат давомчиси, келажак авлод тарбиячисидир. Унинг ҳар томонлама соғлом, кўркам, оқилалиги оилалар тинчлиги, турмуш фаровонлиги, ҳар томонлама соғлом фарзанд демакдир.
Улуғ аллома Ибн Сино гўзаллик асосида ҳам ақл, ҳам ҳиссиёт ётишини таъкидлайди. Ғаззолий «Иҳё улум ад-дин» китобида гўзаллик муҳаббатга чамбарчас тушунча эканини исботлаган. Демак, гўзаллик руҳни поклайди, қалбни улғайтиради, фикр, тафаккур, ҳис-туйғуни бойитади. Унга интилиш замирида эзгулик, ҳаётга талпиниш, ота-онага, яқинларга меҳр, эркка, ҳурликка муҳаббат, юксалишга, бунёдкорликка ҳаракат, комиликка даъват мужассам.
Турмуш маданияти ифодаси
Аёлни севишга, ардоқлашга йўғрилган эзгу қадриятларимиз истиқлол шарофати билан янгича маъно-мазмун касб этиб бормоқда. Хотин-қизларнинг гўзаллашишига, ўзлари ҳам гўзалликлар яратишига кенг имконият яратилаётир.
Биргина ўтган 2014 йилда аёлларни тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш ва уларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида камида 50 фоиз ишчи-хизматчилари хотин-қизлардан иборат бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан 770 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди.
Президентимиз Ислом Каримов Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этганидек, аҳолимиз, аввало, муҳтарам опа-сингилларимизнинг талабига мувофиқ, юртимизда, шу жумладан, чекка қишлоқларда “Гўзаллик салон”лари, таъмирлаш ва тикув цехлари, маиший техникаларни тузатиш шохобчаларидан иборат 150 дан ортиқ хизмат кўрсатиш комплекси барпо этилгани турмуш маданиятини оширишга катта ҳисса бўлиб қўшилди.
Навоий вилоятининг Конимех туманида очилган “Марҳабо” маиший савдо комплекси ана шундай масканлардан бири. Бу ерда фаолият юритаётган “Гўзаллик салони”, фотосалон, сартарошхона, либослар тайёрлаш, дизайн ва мода зали аҳоли, айниқса, аёллар меҳрини қозониб, уларнинг турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
– Гўзаллик инсон қалбига йўл очади, муҳаббат билан қарши олинади, – дейди «Марҳабо» маиший савдо комплекси раҳбари Марҳабо Шарипова. – Буни англаган кўплаб аёллар “Гўзаллик салони”мизнинг доимий мижозига айланган. Салонда ишлаётган олти нафар шогирдимга гўзаллик яратишда нафақат ташқи кўринишга, балки моҳиятга ҳам эътибор қаратиш лозимлигини уқтираман. Чунки кийиладиган либосдан тортиб оддий соч турмаги ҳам муайян мазмун ифодалаши керак. Улар билан ҳар бир аёлнинг латофати, назокати эзгуликка уйғун бўлса, ҳақиқий гўзаллик касб этади.
– Сўнгги йилларда туманимиз марказида ўнлаб “Гўзаллик салони” очилгани биз, аёлларни жуда хурсанд қилмоқда, – дейди Жиззах вилояти Бахмал туманида яшовчи Дилафруз Фармонова. – Турли базмлар, байрам кечалари олдидан, қолаверса, ойда бир-икки марта бундай салонлар хизматидан фойдаланаман. Ҳар бир аёлнинг бежирим либосларда, очиқ юз, кўркам қиёфада юриши турмуш ўртоғининг унга меҳр-муҳаббатини ошириб, оилавий муносабатларининг янада мустаҳкамланишига туртки бўлади-да.
Дарҳақиқат, оила – муқаддас қўрғон. Оиланинг мустаҳкамлиги ва тўкислиги кўп жиҳатдан ушбу қўрғоннинг маликаси бўлган аёлга боғлиқ. Аёл ўзини бахтли ҳис қилиши учун эса кўп нарса керак эмас. Биздан унга озгина меҳр, эътибор, ғамхўрлик ва садоқат бўлса бас.