Футзал: Янги мавсумда қандай ўзгаришлар рўй беради?
Ўзбекистон футзал федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилишида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда 2026/2027 йилги янги мавсум олдидан амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари кўриб чиқилди. Мамлакат Олий лигаси баҳсларида иштирок этувчи клублар рўйхати тасдиқланди.
Муҳокамалар жараёнида Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов мамлакат миллий чемпионати савиясини янада ошириш, футзални кенг оммалаштириш мақсадида янги мавсум учрашувларини замонавий инфратузилмага эга спорт иншоотларида ўтказиш, учрашувларни бошқариб бориш тизимини тубдан яхшилаш, телетрансляциялар сони ва сифатини ошириш ҳамда клубларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида бир қатор муҳим таклифларни илгари сурди.
Олий лига иштирокчиси бўлган барча клублар алоҳида мустақил юридик шахс мақомида қайтадан ташкил этилди ҳамда масъулияти чекланган жамият шаклида давлат рўйхатига олинди.
Ижроия қўмитаси қарорига мувофиқ, 2026/2027 йилги мавсум жорий йилнинг 2 сентябрь куни бошланиши тасдиқланиб, Олий лигада 12 та жамоа иштирок этиши белгиланди. Клублар учун ёзги трансфер ойнаси 2026 йил 10 июлдан очилиши маълум қилинди.
2026/2027 йилги мавсумнинг Биринчи лига мусобақаси эса жорий йилнинг декабрь ойидан бошланиши белгиланди.
Муҳокамаларда мамлакат чемпионати, биринчилиги ҳамда Ўзбекистон кубоги мусобақаларининг форматлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда Ўзбекистон футзал федерациясининг янги таҳрирдаги Тартиб-интизом кодекси тасдиқланди ҳамда Ижроия қўмита таркибига ўзгартиришлар киритилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА