Футзал: 6-тур баҳслари якунига етди
Футзал бўйича Қарши шаҳрида ўтган Ўзбекистон чемпионати олий лигаси жамоалари ўртасидаги 6-тур баҳслари якунланди.
Одатдагидек, жамоалар ушбу турда ҳам 2 гуруҳга бўлинган ҳолда, 3 тадан учрашувда иштирок этди.
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги сохиби Жиззахнинг “Жиззах Кентекс” клуби 6-турнинг илк баҳсини Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига қарши ўтказди. Учрашувнинг 7-дақиқасида жиззахлик Дилшод Раҳматов томонидан киритилган ягона гол “Жиззах Кентекс” жамоасига кичик – 1:0 ҳисобидаги ғалабани тақдим этди.

6-турнинг 2-учрашувида Баҳодир Аҳмедов шогирдлари пойтахтнинг яна бир жамоаси “Локомотив”га қарши майдонга тушди. “Жиззах Кентекс” футзалчиларидан Дилшод Раҳматов, Элбек Тўлқинов, Илҳом Ҳамроев, Суннат Жўраевнинг 4 та голига қарши жамоа бирор марта ҳам жавоб қайтара олмади. “Локомотив” – “Жиззах Кентекс” якуний ҳисоб – 0:4.

Ушбу турнинг сўнги, 3-учрашувида майдон эгалари “Насаф” жамоасига қарши тўп сурган “Жиззах Кентекс” йирик 2:8 ҳисобдаги ғалабани нишонлади. Киритилган голларга “Насаф” жамоасидан Жасур Ҳалимов ҳамда Ойбек Полвонов муаллифлик қилган бўлса, жиззахлик футзалчилардан Элбек Тўлқинов (2 бор), Суннатулла Жўраев, Илҳом Ҳамроев, Фарҳод Абдумавлонов ҳамда Дилшод Раҳматов рақиблари дарвозасига 8 марта гол киритди.

Ушбу гуруҳдаги 6-турнинг қолган ўйинларида қуйидаги натижалар қайд этилди: АГМК (Олмалиқ) –“Локомотив” – 1:1, БМБ (Тошкент) – “Насаф” – 3:0, “Пахтакор” – БМБ – 0:3, “Насаф” – АГМК – 2:9, “Локомотив” – БМБ – 1:3, “Пахтакор” – АГМК – 6:8.
Футзал бўйича Ўзбекистон чемпионати олий лигаси тўпурарлар баҳсида “Жиззах Кентекс” клуби аъзоси Дилшод Раҳматов 15 та гол билан пешқадамлик қилмоқда.

БМБ жамоаси аъзолари Музаффар Аҳаджонов, Ҳусниддин Нишонов ҳамда АГМК футзалчиси Абдулла Солиҳов ҳисобида 14 тадан гол мавжуд.
Мамлакат чемпионатида иштирок этаётган 12 та футзал жамоаларнинг барчаси 6 турда 16 тадан ўйин ўтказди. Ана шунча учрашувни 14 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият билан ўтказган Тошкентнинг БМБ футзалчилари 43 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида карвонбошилик қилмоқда.
2-поғонада бораётган “Жиззах Кентекс” ҳисобида шунча ўйиндан сўнг 41 очко мавжуд бўлса, 3-поғонадаги Когоннинг “Oil Star” клуби ҳисобида 37 очко бор. Турнир жадвалининг сўнги поғонасини 6 очко билан Қаршининг “Насаф” клуби эгаллаб турибди.
А.Қаюмов, ЎзА