Футбол: устунлик бор, аммо ғалаба йўқ
Футболда баъзан бир очко ҳам катта ютуқ, баъзан эса қўлдан чиқарилган икки очко бутун мавсум тақдирига таъсир кўрсатиши мумкин. Зоминда кечган “Бунёдкор” — “Сўғдиёна” учрашувида қайд этилган 1:1 ҳисоб жиззахликлар учун айнан шундай натижалардан бири бўлди. Биринчи бўлимда устунлик, гол ва ғалаба учун қулай имкониятлар, иккинчи бўлимда эса рақиб босими, орқага чекиниш ва яна йўқотилган очколар.
Энг эътиборлиси, учрашувдан кейин бош мураббий Улуғбек Бақоев жамоанинг иккинчи бўлимдаги ҳолатига изоҳ берар экан, муҳим бир эътирофни билдирди: “Бизга жисмоний куч етишмади, охирида чарчаб қолдик”.
Бу гапни оддий изоҳ сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо чемпионатнинг ҳал қилувчи қисмига кириб бораётган жамоа учун бундай эътироф жиддий саволларни ҳам келтириб чиқаради. Нега футболчилар ўйинни охиригача бир хил суръатда давом эттира олмаяпти? Нега ҳисобда олдинга чиқиш ғалабани кафолатламайди? Ва, энг муҳими, аввал ҳам кузатилган хатолардан қандай хулоса чиқарилмоқда?

Суперлиганинг 24-туридаги мазкур учрашув «Бунёдкор» стадиони майдони талабга жавоб бермагани сабаб Зоминда ўтказилди. Қизиғи, жамоалар биринчи даврада ҳам шу майдонда тўқнаш келишган, ўшанда “Сўғдиёна” икки гол фарқи билан олдинда бораётиб, 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган эди. Бу сафар эса жиззахликлар ғалабани сақлаб қолишга яқин келди-ю, яна сўнгги дақиқаларда очко йўқотди.
Улуғбек Бақоев шогирдлари биринчи бўлимни фаол ва тажовузкор ўтказди. Рақибга босим уюштирди, хавфли вазиятлар яратди. 19-дақиқада Самандаржон Мавлонқуловнинг бош билан йўллаган зарбасини дарвозабон Абдумавлон Абдужалилов қайтарди. 28-дақиқада эса Жавоҳир Қаҳрамоновнинг ўнг қанотдан узатган тўпини Мавлонқулов бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни очди – 1:0.
Биринчи бўлимдан кейин “Сўғдиёна”нинг ғалабага эришиши учун етарлича асос бор эди. Бироқ футбол фақат яхши бошланган 45 дақиқадан иборат эмас. У бутун учрашув давомида куч, интизом, тактик барқарорлик ва вазиятга мос қарорлар қабул қилишни талаб этади.
“Сўғдиёна” эса иккинчи бўлимда айнан шу жиҳатларда қийналди.

Танаффусдан кейин “Бунёдкор” фаоллашди. Иван Бошкович бошчилигидаги жамоа ташаббусни ўз қўлига олиб, ҳужумларни кучайтирди. 60-дақиқада бир йўла уч нафар футболчининг алмаштирилиши ҳам мезбонларнинг ўйинни ўзгартиришга бўлган интилишини кўрсатди.
“Сўғдиёна” эса тобора кўпроқ ҳимояланишга мажбур бўлди. Матбуот анжуманида Бақоевдан иккинчи бўлимда жамоа тактик схемасини ўзгартирган-ўзгартирмагани сўралди. Мураббий схема ўзгармаганини, аммо футболчилар айрим вазиятларда олдинга кўтарилиш ўрнига орқага қайтишни бошлаганини айтди.
“Майдон четидан бақириб тушунтириш қийин, кимдир эшитади, кимдир узоқда” деди у.
Бу изоҳнинг ўзи ҳам ўйлашга мажбур қилади. Агар жамоа белгиланган тактик режадан четга чиқаётган бўлса, мураббийнинг кўрсатмалари майдонда қай даражада бажарилмоқда? Ўйинчиларнинг ўзаро тушуниш даражаси, майдондаги масъулияти ва вазиятга мос ҳаракат қилиш қобилияти етарлими?
Албатта, ҳар бир тактик кўрсатмани майдон четидан етказиш осон эмас. Лекин профессионал жамоа фақат мураббийнинг овозини эшитиб ҳаракат қиладиган футболчилардан иборат бўлмаслиги керак. Ўйинчилар вазиятни мустақил баҳолаши, шерикларини тушуниши ва жамоавий режадан четга чиқмаслиги ҳам муҳим.
Бақоевнинг айтишича, “Бунёдкор” фаоллашганидан кейин ҳисобни сақлаб қолиш учун ўзгаришлар амалга оширилган. Бироқ 83-84-дақиқалардаги алмаштиришлар ҳам кутилган самарани бермади. 84-дақиқада Люпчо Дориев ва Самандаржон Мавлонқулов майдонни тарк этди. Ҳужумдаги муҳим футболчиларнинг чиқарилиши жамоанинг қарши ҳужумлар орқали рақиб босимини камайтириш имкониятини ҳам чеклаши мумкин эди.
Бу қарорни фақат натижага қараб нотўғри деб баҳолаш адолатдан бўлмайди. Аммо унинг самарадорлиги ҳақида савол беришга асос бор: “Сўғдиёна” ғалабани сақлаш учун ҳимояга таянди, лекин рақибни жиловлаш ва ўйин назоратини қайтаришнинг бошқа йўлларини топа олдими?

Мураббийнинг “охирида чарчаб қолдик” деган эътирофи мақоламизнинг энг муҳим нуқталаридан бири бўлиши керак. Чунки гап биргина учрашувнинг охирги дақиқалари ҳақида эмас, балки такрорланаётган натижалар ҳақида кетмоқда.
ОКМК билан баҳсда устунликни сақлаб қолишдаги муаммолар, “Локомотив”га қарши ўйинда ҳисобда олдинда бора туриб мағлуб бўлиш ва энди “Бунёдкор” билан учрашувда ғалабани қўлдан чиқариш – буларни бир-биридан узилган тасодифлар сифатида кўриш қийин.
Албатта, мавжуд маълумотлар асосида жамоанинг жисмоний тайёргарлиги паст, деб қатъий хулоса чиқариб бўлмайди. Бунинг учун футболчиларнинг жисмоний кўрсаткичлари, машғулот жараёни ва ўйин давомидаги юкламаларини таҳлил қилиш зарур. Бироқ бош мураббийнинг ўзи чарчоқни очиқ тан олаётган экан, бу масала мутахассислар томонидан жиддий ўрганилиши керак.
Нега жамоа учрашувнинг ҳал қилувчи қисмида кучсизланади? Футболчилар кучини нотўғри тақсимлаяптими? Алмаштиришлар кеч амалга ошириляптими? Ёки жисмоний ҳолат билан бир қаторда руҳий босим ҳам ўз таъсирини кўрсатяптими?
Булар жавобсиз қолиши мумкин бўлмаган саволлардир.
86-дақиқада Амир Тўрақуловнинг бурчакдан узатган тўпини Матия Кривокапич бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни тенглаштирди – 1:1. Бу гол «Бунёдкор»нинг иккинчи бўлимдаги фаоллиги натижаси бўлди. Аммо “Сўғдиёна” учун бу яна бир бор ғалабани сақлаб қолиш борасидаги муаммоларни юзага чиқарган зарба эди.

Мураббийнинг ўзи ҳам жамоада натижаларнинг беқарорлигини тан олди: “Ёки биз кетма-кет 3-4 та ўйинда ғалаба қозонамиз ёки 3-4 та ўйинда юта олмаймиз”.
Бу гап жамоанинг яна бир муаммосини кўрсатади. Натижаларнинг бундай кескин ўзгариб туриши нимадан далолат беради? Барқарор ўйин услуби шаклланмаганиданми, таркиб имкониятларининг чекланганиданми ёки жамоа руҳиятидаги беқарорликданми? Сабаблар турлича бўлиши мумкин, аммо уларни аниқлаш ва ечим топиш мураббийлар штаби зиммасидаги вазифадир.
Матбуот анжуманида “Сўғдиёна”нинг ёш футболчилари ва клуб академияси масаласи ҳам кўтарилди. Бақоевнинг таъкидлашича, “Бунёдкор”да ҳар бир позиция учун Суперлига даражасида ўйнай оладиган бир нечта футболчи тайёрлаш имконини берадиган академия тизими мавжуд. “Сўғдиёна” эса академияни 2-3 йил олдин ташкил қилгани, унинг самараси учун яна вақт кераклиги айтилди.
Бу фикрда мантиқ бор. Ёш футболчиларни тайёрлаш, уларга тажриба бериш ва асосий жамоага олиб келиш бир неча йиллик меҳнатни талаб этади. Аммо академиянинг келажакда самара бериши бугунги жамоанинг камчиликларини муҳокама қилиш заруратини бекор қилмайди.

Чемпионатнинг якунига олти тур қолган бир пайтда ҳар бир очконинг қиймати ортиб боради. Олдинда “Насаф”, “Пахтакор” ва “Навбаҳор” каби жиддий рақиблар билан баҳслар турибди. Бундай учрашувларда ҳисобда олдинга чиқишнинг ўзи камлик қилиши, охирги дақиқалардаги биргина хато ҳам қимматга тушиши мумкин.
“Бунёдкор” билан дурангдан кейин “Сўғдиёна”нинг олдида оддий вазифа эмас, балки бир-бири билан боғлиқ бир нечта муаммони ҳал қилиш зарурати турибди: жисмоний ҳолатни яхшилаш, тактик интизомни мустаҳкамлаш, ўйин охиридаги қарорларни тўғри қабул қилиш ва футболчиларнинг ғалабани сақлаб қолиш қобилиятини ошириш.
Бақоев матбуот анжуманида кейинги учрашув – “Андижон”га қарши баҳсда яхши ва агрессив футбол кутаётганини айтди. Бу, албатта, яхши ният. Аммо мухлислар ва мутахассислар учун асосий мезон ният эмас, унинг майдонда қандай намоён бўлишидир.
Зоминдаги 1:1 ҳисобини оддий дуранг деб қабул қилиш қийин. Бу “Сўғдиёна” учун навбатдаги огоҳлантириш. Жамоада салоҳият бор, аммо салоҳиятнинг ўзи очко олиб келмайди. Фидойилик, яхши биринчи бўлим ва мураббийнинг ишончли гаплари ҳам муаммоларни ўз-ўзидан бартараф этмайди.
Энди энг муҳим савол шу: “Сўғдиёна” бу сафар ҳам ўтказиб юборилган голни чарчоқ ва футболнинг табиий жараёни билан изоҳлаб қўя қоладими ёки такрорланаётган камчиликларни бартараф этиш учун аниқ чоралар кўрадими?
Чунки ғалабани қўлга киритиш қанчалик муҳим бўлса, уни охиригача сақлаб қолиш ҳам шунчалик муҳим. “Сўғдиёна” учун эса бу сабоқни ўзлаштириш вақти аллақачон келган.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири