Футбол: "Сўғдиёна”да яна мағлубият
Ўзбекистон кубоги чорак финалида “Андижон” жамоаси сафарда “Сўғдиёна”ни 1:2 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг кейинги босқичига чиқди. Жиззахликлар ўйин давомида ташаббусни қўлга олишда қийналди ва фақат учрашув сўнггида фаоллик кўрсатди.
Ўзбекистон кубоги чорак финалида Зоминда “Андижон”га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган “Сўғдиёна” мусобақани тарк этди. Аммо бу мағлубиятнинг оғриқли жиҳати фақат кубокдан қуруқ қолишда эмас. Жиззах жамоаси ҳал қилувчи баҳсда ташаббусни ўз қўлига олишга қийналди, ҳужумларни самарали якунлай олмади ва фақат ҳисобда икки тўп фарқ юзага келганидан кейингина бор кучини ишга солди. Кубокнинг шафқатсиз қоидаси эса кеч уйғонган жамоага хатоларини тузатиш учун иккинчи имконият бермайди.
Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ “Андижон” фаолроқ кўринди. Меҳмонлар ҳужумга ўтишдан чўчимади, тўпни назорат қилишга интилди ва рақиб ҳимоясини синовдан ўтказди. Усмонали Исмоналиевнинг иккинчи дақиқадаги хавфли ҳаракати, Мартин Боакьенинг 13-дақиқадаги зарбаси бу босимнинг тасодифий эмаслигини кўрсатди.
Майдон эгалари эса ўз майдонида ўйнаётганига қарамай, дастлабки дақиқаларда рақиб ҳаракатларига жавоб қайтариш билан чекланди. 26-дақиқадаёқ ўйин суръати пастлиги, ҳужумларнинг зарбагача етиб бормаслиги кўзга ташланди. Биринчи бўлим охиридаги бурчак зарбалари мезбонларнинг фаоллашганини кўрсатди, аммо бу устунликдан на гол, на рақибни жиддий саросимага соладиган босим келиб чиқди.
Савол туғилади: жамоа кубокнинг ҳал қилувчи баҳсига қандай режа билан тушди? Агар дастлабки вазифа рақибни жиловлаш бўлган бўлса, кейинги босқичда ташаббусни қўлга олиш механизми қаерда эди? Эҳтиёткорликнинг ўзи айб эмас. Аммо у ҳужумкор режа билан тўлдирилмаса, рақибга ўйинни ўз шартлари асосида олиб бориш имконини беради.

Иккинчи бўлимда ҳам мезбонлар рақибдан устунликни тортиб олишга қийналди. 51-дақиқада андижонлик Хумоюнмирзо Иминовнинг ҳаракати хавф туғдирди, 55-дақиқада майдон эгалари ярим ҳимоячиси Жамшид Болтабоевнинг зарбаси эса ноаниқ кетди. Бу вазиятлар ҳали ҳисоб очилмаган пайтдаёқ ҳар икки жамоага имкониятлар берилганини кўрсатади.
60-дақиқада бурчак зарбасидан кейин Петар Мичин тўпни ўз дарвозасига йўналтириб қўйди – 0:1. Автоголни фақат футболчининг хатоси деб баҳолаш адолатли бўлмайди: стандарт вазиятларда ҳимояни ташкил этиш, рақибларни тўғри назорат қилиш ва тўпга биринчи бўлиб етиб бориш ҳам жамоавий масъулиятдир.
Аммо голдан кейин “Сўғдиёна”нинг жавоби янада кўпроқ савол туғдирди. Ҳисобда ортда қолган жамоа ҳужумларини тезлаштириши, рақиб ҳимоясига босимни кучайтириши ва ўйин суръатини ўзгартириши керак эди. Амалда эса ҳал қилувчи босим кеч шаклланди.

Ўйиннинг 79-дақиқасида Рустам Турдимуродовнинг аниқ узатмасини Мартин Боакье голга айлантирди – 0:2. Бу вазиятда “Андижон” ҳужумни қандай якунлаш кераклигини кўрсатди: имкониятни яратиш, узатмани ўз вақтида бериш ва вазиятдан фойдаланиш. “Сўғдиёна” эса рақибнинг иккинчи голидан кейингина жиддийроқ таваккал қилишга мажбур бўлди.
84-дақиқада Сардорбек Жамолов ҳисобни 1:2 кўринишига келтирди. Ўйинга интрига қайтди, аммо бу гол мезбонлар аввалроқ кўрсатиши лозим бўлган фаолликни қанчалик кеч намоён этганини ҳам кўрсатиб қўйди. 90+1-дақиқада Исломжон Қобиловнинг голи офсайд сабаб ҳисобга олинмади. Бош ҳакам Фирдавс Норсафаров ВАР мониторида вазиятни қайта кўриб чиқиб, дастлабки қарорини ўзгартирмади.
Албатта, бу қарор баҳснинг сўнгги драматик нуқтаси бўлди. Бироқ “Сўғдиёна”нинг мағлубиятини ҳакамлик қарорига боғлаб қўйиш ҳақиқий муаммоларни четлаб ўтиш бўларди. Жамоа ўйиннинг катта қисмида гол уриш учун зарур бўлган барқарор босим ва ҳужумдаги аниқликни кўрсата олмади.
Учрашувдан кейин бош мураббий Улуғбек Бақоев футболчиларининг ҳаракатларини ижобий баҳолади. “Агар биз биринчи голни урганимизда, балки бизга ўйнаш осонроқ бўларди”, — деди у.

Бу фикрда ҳақиқат бор: биринчи гол жамоага руҳий устунлик беради. Лекин мураббийлик таҳлили “биринчи бўлиб гол урганимизда...” деган тахмин билан тугамаслиги керак. Нега жамоа ўз имкониятларини голга айлантира олмади? Нима учун ҳужумлар кўп ҳолларда якуний зарбагача етиб бормади? Ҳисобда ортда қолгач, ўйиннинг боришини ислоҳ қилиш учун қандай самарали тактик ечимлар ишга солинди?
Бақоевнинг таъкидлашича, “Сўғдиёна” режалаштирилган ишларнинг кўпчилигини амалга оширган. Аммо таблодаги 1:2 ҳисоб ва ўйиннинг асосий манзараси бу баҳо билан тўлиқ уйғунлашмайди. Режа ишлаган бўлса, унинг натижаси қаерда кўринди? Рақибнинг босимига қарши туриш мумкин, аммо фақат ҳимояланиш билан кубокдаги мақсадга эришиб бўлмайди.
Люпчо Дориевнинг рақиб томонидан икки-уч футболчи билан назорат қилингани ҳам мураббий учун жиддий тактик вазифа эди. Бундай вазиятда бошқа ҳужумчиларга бўш ҳудуд очиш, қанотлар орқали босимни кучайтириш ва ҳужум йўналишини ўзгартириш зарур. Асосий футболчига рақибнинг бир неча ҳимоячиси жалб этилса, бу бошқалар учун имконият яратиши керак. Акс ҳолда, рақибнинг тактик қарори ўз самарасини беради, жамоа эса унга муносиб жавоб топа олмайди.
“Андижон” бош мураббийи Ислом Аҳмедов жамоасининг руҳий жиҳатдан қийин даврни бошдан кечирганини тан олди. У футболчиларнинг ўзига ишончини тиклаш осон бўлмаганини, бироқ жамоа ўз ўйин услубидан чекинмаганини таъкидлади. “Натижа учун биз жавобгармиз”, деган фикри эса мураббийлик масъулиятини тан олишдир.

Меҳмонлар ҳам муаммолардан холи эмас. Ислом Аҳмедов чап қанот ҳимоясида ихтисослашган футболчи етишмаётганини қайд этди. Шунга қарамай, “Андижон” мавжуд имкониятларидан унумли фойдаланди, иккинчи голда эса Турдимуродов ва Боакье ҳамкорлиги ҳужумни самарали якунлаш намунасини кўрсатди.
Фарқ айнан шунда: бир жамоа муаммоларига қарамай натижага эришди, иккинчиси эса ўз камчиликларини бартараф этишга улгурмади.
“Сўғдиёна” учун бу мағлубиятни омадсизлик билан изоҳлаш осон. Аммо бундай ёндашув жамоани олдинга силжитмайди. Ташаббуснинг бой берилиши, ҳужумлардаги самарасизлик, стандарт вазиятдаги хатолар ва ўйин тақдирини ўзгартиришга қаратилган кечиккан ҳаракатлар жиддий таҳлилни талаб қилади.
Энди масъулият бош мураббий, унинг штаби ва клуб раҳбарияти зиммасида. Футболчиларнинг руҳий ҳолатини тиклаш, тактик камчиликларни бартараф этиш, жамоа ичидаги ишончни мустаҳкамлаш ва рағбатлантириш тизимини самарали ташкил қилиш муҳим. Бироқ моддий рағбатлантиришнинг ўзи ечим эмас: натижага профессионал тайёргарлик, аниқ талаб ва майдондаги масъулият орқали эришилади.

“Сўғдиёна” кубокдан чиқди. Энди олдида Суперлигадаги кураш турибди. Агар мағлубиятлардан тўғри хулоса чиқарилмаса, бугунги муаммолар эртага янада қимматга тушиши мумкин.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири