Футбол: “Сўғдиёна” – “Пахтакор” – 1:0
Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида навбатдаги 23-тур учрашувларининг сўнгги баҳси Жиззахнинг “Сўғдиёна” ва Тошкентнинг “Пахтакор” клублари ўртасида бўлиб ўтди.
Ҳар икки жамоа навбатма-навбат ҳужумлар ташкил этди. Футболчиларга баъзан аниқлик етишмаган бўлса, қолган ҳолатларда ҳимоячилар ва дарвозабонлар тўпни қайтаришга эришди.
Беллашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади ва жамоалар 0:0 ҳисобида танаффусга чиқди.
Ўз мураббийларидан керакли кўрсатмаларни олган ҳар икки жамоа футболчилари 2-таймда шижоатни янада оширди. Натижада ҳар иккала жамоа ҳужумлари янада хавфли тус ола бошлади.
Ниҳоят беллашувнинг 53-дақиқасида жиззахликлар ярим ҳимоячиси Шаҳбоз Жўрабеков гол киритиб, “Сўғдиёна”ни олдинга олиб чиқди – 1:0.
Ўйинни бошқарган ҳакам Вадим Агишевнинг ҳуштаги янграгач, жиззахликлар жорий мавсумда “Пахтакор”ни мағлуб этган 3-жамоа бўлди.
Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган “Сўғдиёна” – “Пахтакор” учрашувидан сўнг ҳар икки жамоа бош мураббийлари матбуот анжуманида қатнашди.
– Бугун таркибни аниқлаш борасида қийинчиликка дуч келдик, – деди “Пахтакор” жамоаси бош мураббийи Питер Хюистра. – Миллий терма жамоадан жароҳат билан қайтганлар бор эди. Олимпия терма жамоасига чақирилган футболчилар ҳам бор ва йўқотишларимиз катта бўлгани боис қайдномага ёш футболчилар киритилди. Бугун ёшларимиз “Сўғдиёна”га қарши баҳсда яхши ўйнади, деб ўйлайман. Аммо майдон талаб даражасида эмас. Майдон яхши бўлмаса ҳеч қачон сифатли футбол ва футболнинг ўсиши бўлмайди.
– Чемпион жамоа билан оддий ўйин бўлгани йўқ, – деди Сўғдиёна” бош мураббийи Улуғбек Бақоев. – Ўйинда стандарт вазиятдан тўп киритдик. Тўп ўтказиб юборишимиз ҳам мумкин эди. “Пахтакор”га кейинги мавсум ОЧЛда муваффақиятли иштирок этишини тилайман.
Ушбу турнинг қолган учрашувларида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Машъал” (Муборак) – “Навбаҳор” (Наманган) – 0:0, “Қўқон-1912” (Қўқон) – “Локомотив” (Тошкент) – 2:1, “Бунёдкор” (Тошкент) – “Турон” (Яйпан) – 3:1, “Сурхон” (Термиз) – “Қизилқум” (Навоий) – 1:0, “Металлург” (Бекобод) – АГМК (Олмалиқ) – 0:1.
[gallery-4416]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА