Футбол: ўйиндан кейинги ўйлар
Кеча юртимизда ўтказилган футбол ўйини қизғин кечиб, мухлисларга турли хил ҳиссиётларни тортиқ этди.
"CAFA Nations Cup" финалида Ўзбекистон ҳамда Эрон миллий терма жамоалари тўқнаш келди. Мураккаб кечган ўйинда ҳамюртларимиз 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Гарчанд эронликлар бешинчи дақиқадан кейин бир футболчи кам ўйнаган бўлса-да, йигитларимизга муносиб қаршилик кўрсатди. Ҳатто, баъзи вазиятларда устунликка ҳам эришди.
Қизиғи, ушбу икки жамоа ўртасидаги қарама-қаршилик гўёки анъанага айланган. Эронни бизчалик, бизни Эрончалик биладиган рақиб бўлмаса керак, деган хулосага ҳам келиб қоласан киши. ФИФА президенти Жанни Инфантино бошчилигидаги халқаро футбол мутахассисларининг ташрифи ҳам ушбу ўйин даражасини янада ошириб юборди десак, адашмаган бўламиз.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби бугунги кунда мамлакатимизда футболнинг ривожланиши янги босқичга кўтарилмоқда. Бу албатта, майдондаги меҳнат ва майдон ташқарисидаги эътибордан далолат аслида.
Давлатимиз раҳбарининг тақдирлаш жараёнидаги иштироки ана шу эътибор нишонасидир. Қувонарлиси, қилинган меҳнатлар бесамар кетмаяпти. Тарихимизда илк бор мундиал йўлланмасидан кейин мана бундай ғолиблик...
Бироқ ўйин ҳақида мулоҳазалар турлича. Футбол миллионлар ўйини бўлгани сабабли мухлисларнинг ҳам қарашлари турфа хил бўлиши табиий. Шунингдек, бош мураббий Темур Кападзе ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида футболчилар ҳақидаги саволларга илиқ фикр билдирди.
Гапнинг сирасини айтганда, майдонда 90, баъзида 120 дақиқа тўп суриш заҳматини уни ўз танасида ҳис қилганлар билади. Кечаги ўйин ҳолатидан ҳам келиб чиқиб айтиш мумкинки, футболчиларимиз Ватан шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун борларини бериб яшамоқда. Улар халқимизнинг майдондаги жангчиларидир. Шундай экан, натижа қандай бўлмасин, уларга нисбатан қалбимизда меҳр жўш уриб туради, ҳурмат билан муносабатда бўлаверамиз.
Шербек Исломов, ЎзА