Футбол: Жаҳон чемпионати йўлидаги навбатдаги синов
Бугун, 15 октябрь пойтахтимиздаги “Бунёдкор” стадионида “ЖЧ-2026” Осиё қитъаси гуруҳ босқичининг 4-турида Ўзбекистон – БАА терма жамоалари куч синашади.
Мазкур учрашув олдидан терма жамоамиз 7 очко билан тўплар нисбатига кўра “А” гуруҳида пешқадам бўлиб турибди. Худди шунингдек, Эрон терма жамоаси ҳам 7 очкога эга. Бугун терма жамоамиз билан баҳс олиб борадиган БАА вакилларида 4 очко мавжуд.

Бугун 4-тур доирасида Дубай шаҳрида Эрон — Қатар “дуэли” ўтказилса, Бишкек шаҳрида Қирғиз Республикаси терма жамоаси КХДР вакиллари билан рўбарў келади.
Шу ўринда бир гап. Эрон — Қатар учрашувининг натижаси Ўзбекистон терма жамоасининг кейинги тақдирини белгилай оладими?

Саволнинг бу тарзда қўйилиши қайсидир футбол мухлисларига ғалатироқ таъсир кўрсатиши мумкин. Аммо, “Бунёдкор”да кечадиган ўйинда вазият бизнинг фойдамизга ҳал бўлса, Эрон — Қатар учрашувидаги натижа терма жамоамиз учун аҳамиятсиз бўлиши шубҳасиз.
Аммо, Ўзбекистон – БАА ўйинида минглаб мухлисларимиз кутган қувончли онлар рўй бермаса, Қатарнинг ғалабаси жонимизга қайсидир маънода оро кириши тайин.

Бошланажак 4-тур ўйинлари остонасида турнир жадвалига эътибор қаратсак, бугун Қатар Эрондан очко тортиб ола билса, Тошкентда Ўзбекистон терма жамоаси осмонида ғалаба қуёши чарақласа, 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг катта довони ўзбек футболига янада ёрқинроқ кўрина бошлаши шубҳасиз.
Нима бўлганда ҳам бугун “Бунёдкор” майдонида омад Ўзбекистон терма жамоаси томонида бўлсин.
Т.Рўзиев,
ЎзА