Футбол: Аргентина – Ўзбекистон. Шиддатли ўйиннинг ёғдуси яқин
Бугун, 20 май куни Аргентинанинг Сантьяго-дель-Эстеро, Сан-Хуан, Ла-Плата ҳамда Мендоза шаҳарларидаги футбол майдонларида 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланади.
Бу галги чемпионатда 24 та жамоа 6 та гуруҳга бўлинган ҳолда ғолиблик учун майдонга тушади.
Терма жамоамиз мазкур чемпионатнинг “А” гуруҳида Аргентина, Янги Зеландия ва Гватемала терма жамоалари билан кейинги босқичга чиқиш учун кураш олиб боради.
Шунингдек, “Б” гуруҳида АҚШ, Словакия, Эквадор, Фижи, “С” гуруҳида Колумбия, Исроил, Япония, Сенегал, “Д” гуруҳида Бразилия, Доминикан Республикаси, Италия, Нигерия, “Е” гуруҳида Англия, Тунис, Уругвай, Ироқ, “Ф” гуруҳида Франция, Гондурас, Жанубий Корея, Гамбия 1/8 босқичига чиқиш масаласида рўбарў келишади.
Бугун чемпиоантнинг илк ўйинлари қуръа натижасига кўра, “Б” гуруҳидаги АҚШ – Эквадор ва “А” гуруҳидаги Гватемала – Янги Зеландия жамоалари ўртасида ўтказилади.
24 та мамлакат терма жамоалари иштирок этаётган чемпионатнинг 21 май куни ташкил этиладиган очилиш маросимидаги ўйин Аргентина –Ўзбекистон ўртасида бўлиб ўтади.
Айтиш лозимки, Аргентина терма жамоаси ушбу ёш тоифасида 1979 йилдан бери ўтказилган 23 та жаҳон чемпионатининг 17 тасида иштирок этган бўлиб, 6 марта ғолибликни тантана қилган жамоа саналади.
Дунё нигоҳини ўзига оҳанрабодек тортиб турган Аргентина –Ўзбекистон учрашувида Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги мамлакатимиз ёшлар терма жамоаси кўк, дарвозабонимиз эса сариқ либосда ҳаракатланади.
“Estadio Único Madre de Ciudades” стадионида кечадиган Аргентина–Ўзбекистон ўйинини франциялик Франсуа Летексие бош ҳакам сифатида бошқариб боради. Унга қанотларда ҳамюртлари Сирил Муне ва Меҳди Раҳмуни ёрдам кўрсатади.
52 та ўйиндан иборат чемпионатда жамоалар учун бешта ўзгариш қилиш имконияти яратилади. Плей-офф босқичида асосий вақтда ғолиб аниқланмаса қўшимча ўзгариш қилишга рухсат берилади.
12 июнга қадар давом этадиган U-20 жаҳон чемпионати футбол мухлисларининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб UZREPORT TV телеканали орқали намойиш этиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, Аргентина – Ўзбекистон ўртасидаги жаҳон чемпионати очилиш ўйини 21 май тунги 02:00 да бошланади.
Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг гуруҳдаги иккинчи ўйини 23 май куни Янги Зеландия билан, учинчи учрашуви 27 майда Гватемала жамоаси билан кечади.

Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидаги ўйинлар 29 майга қадар давом этади. 30 май –1 июнь кунлари 1/8, 3-4 июнь кунлари 1/4 финаллар, 8 июнь куни ярим финал, 11 июнда 3-ўрин учун ҳамда 12 июнь куни ўтказиладиган финал баҳслари билан чемпионатга якун ясалади.

Жорий йил март ойида пойтахтимизда ўтказилган қитъа биринчилигида Осиё чемпионлигига эришиб, минг-минглаб ишқибозлар қалбига ғурур ва ифтихор тўйғуларини жо этган ёш футболчиларимизга Аргентина яшил майдонларидаги шиддатли ўйинларда зафар ёр бўлишини тилаб қоламиз. Истагимиз, Тошкентдаги шижоат океанорти яшил майдонларида юртимиз ёшларининг тимсоли бўлиб дунё футболининг кенгликларида ўз ёғдусини янада ёрқинроқ акс эттирсин.
Т.РЎЗИЕВ,
ЎзА