Фуқаролар мурожаати доимий эътиборда
Тошкент вилояти Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида камчиликка йўл қўйган раҳбарлар масаласи кўриб чиқилди.
Дастлаб аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳамда секторлар фаолияти бўйича Президентнинг Чирчиқ шаҳридаги Халқ қабулхонаси мутахассиси ахбороти тингланди. Қайд этилганидек, 2022 йил биринчи чорагида Халқ қабулхонаси, Президент виртуал қабухонасига мурожаатлар ўтган даврнинг мос даврига нисбатан камайган. Хусусан, сув, электр энергияси таъминоти, соғлиқни сақлаш, кредит масаласида мурожаатлар камайган. Шу билан бирга, “Семурғ” , Х.Мақсудов, “Наврўз” ва “Кабутар” маҳаллаларидан мурожаатлар кўпайган. 2022 йилда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнида камчиликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўриш юзасидан Кенгашга таклифлар киритиб бориш вазифаси топширилди.

Шунингдек, сессияда 1-, 3-секторлардаги айрим оилаларни “Темир дафтар” дан чиқариш ва бошқа оилаларни ушбу рўйхатга киритиш лозимлиги айтиб ўтилди. Шундан сўнг жорий йил май ойида бўладиган маҳалла раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъуллар ахборот берди. Унга кўра, ўтган даврда комиссия томонидан сайлов ўтказиладиган манзиллар аниқланган, сайловчилар рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилди. Ишчи гуруҳлар ҳам тузилиб, уларнинг жами аъзолари сони 424 нафарни ташкил этди. Эътиборлиси, улардаги жами хотин-қизлар 68 фоиз, 9 фоизи эса 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Бундан ташқари, 14 апрель ҳолатига 115 нафар раисликка номзодлар рўйхати шакллантирилди ва ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Сессияда сайловга тайёргарлик ишлари ва номзодларни саралаш жараёни “Гулистон”, “Чинор”, “Навбахор”, “Кимёгар”, “Ёшлик”, “Маърифат” маҳаллаларида суст олиб борилаётгани, “Маданият”, “Хаёт гули” маҳаллаларида умуман қониқарсиз эканлиги қайд этилди. Бу ҳудудларда ишчи гуруҳлар фаолиятини қайта ташкил этиш зарурлиги айтилди.
А.Мусаев, ЎзА