Фуқаролар мурожаати – доимий эътиборда
Мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир шахснинг ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатлангани, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда мурожаатларни белгиланган муддатда кўриб чиқиш тартиби қатъий белгилаб қўйилгани инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мамлакатимиз Конституциясида ҳар бир шахснинг ваколатли органларга мурожаат этиш ҳуқуқи кафолатлангани, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда мурожаатларни белгиланган муддатда кўриб чиқиш тартиби қатъий белгилаб қўйилгани инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида Бош прокуратура билан ҳамкорликда фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш масалаларига бағишланган амалий семинарда шу ҳақда сўз юритилди. Унда тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон адлия вазирининг ўринбосари Қ.Тоғаев, Бош прокуратура Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи И.Жасимов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Адлия вазирлиги тизимида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларда кўтарилган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи давомида қабул қилинган беш мингдан ортиқ мурожаатларнинг аксарияти қаноатлантирилган. Айрим мурожаатлар тегишли идораларга юборилган. Бундан ташқари, идора ва ташкилотларда фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳолати адлия ходимлари томонидан таҳлил қилиб борилмоқда. Камчиликларни зудлик билан бартараф этиш чоралари кўрилаётир.
Прокуратура органларида ҳам бу йўналишда зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, соҳага оид қонунлар ижроси бўйича жорий йилнинг ўтган даврида 35 дан ортиқ вазирлик, агентлик ва бошқа йирик идораларда текшириш ўтказилган. Уларда фуқаролар мурожаатини ўз вақтида кўриб чиқишда камчиликларга йўл қўйилаётгани, бунга мансабдор шахсларнинг қонунчиликни чуқур билмаслиги сабаб бўлаётгани аниқланган.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган семинарда иштирокчилар қонун ижроси юзасидан амалга оширилган назорат-таҳлил натижалари билан бир қаторда мурожаатларни кўриб чиқишга оид қонунчилик талаблари, давлат ва хўжалик бошқаруви идораларида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш масалалари хусусида фикр алмашди.