Фуқарога имтиёзли пенсия тайинланади
Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир тумани адлия бўлимига фуқаро А.К.томонидан йўлланган мурожаат ижобий ҳал этилди.
–Ҳар бир мурожаатда фуқаронинг амалга ошмаган орзу-умиди, ҳуқуқининг чекланиши ёки бошқа норозиликлари бўлади, – дейди туман адлия бўлими бошлиғи Aхмет Aлламуратов.–Туманда яшовчи фуқаро A.К. ўз мурожаатида 1995 йилдан 2022 йилга қадар Республика вабо профилактик маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали Тахтакўпир тумани бўлимида турли лавозимларда ишлаганлигини, лекин бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тахтакўпир туман бўлими фуқарони имтиёзли ёшга доир пенсияга чиқаришни унинг иш жойининг аттестациядан ўтказилмаганлиги туфайли зарарли ва оғир ишлар қаторига киритилмаганини билдириб, рад этганлиги юзасидан амалий ёрдам сўраган.
Aниқланишича, фуқаро бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимига имтиёзли ёшга доир пенсияга чиқиш учун мурожаат қилган, лекин комиссия қарорига кўра, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини берувчи айрим иш даврлари бўйича иш ўрни аттестациядан ўтказилмаганлиги сабабли, фуқарога имтиёзли пенсия тайинлаш рад этилган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” ги қонунида умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига меҳнат шароити жуда зарарли ва жуда оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар – аёллар иш стажи камида 20 йил бўлиб, шундан камида 10 йил кўрсатилиб ўтилган ишларга тўғри келган ҳолатда эга бўлиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” ги қарорига кўра, иш ўринларининг аттестациядан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда, ўта зарарли ва ўта хавфли меҳнат шароитида ишлаганлик фактини белгилаш ҳақидаги ишлар судда кўрилиши мумкин.
Шунга асосан туман адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Чимбой туманлараро судига фуқаро A.К.нинг 1995 йилдан 2022 йилга қадар зарарли ва ўта оғир ишда ишлаганлик фактини белгилаб бериш ҳақида ариза киритилди. Натижада суднинг ҳал қилув қарорига асосан фуқаронинг зарарли ва оғир ишларда ишлаганлик факти тасдиқланди. Шу тариқа, унга имтиёзли пенсия тайинланадиган бўлди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири