Фуқарога етказилган зарар ундирилди
Бухоро вилояти Шофиркон туманида фуқаро автомашина бошқариш ҳуқуқи бўлмасада, ўзига тегишли “Малибу” русумли автомашинада ҳаракатланиб, “Йўл беринг” белгисига амал қилмасдан, асосий йўлда келаётган “Кобальт” русумли автомашина билан тўқнашган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида “Кобальт” автомашинаси шикастланиб, фуқарога моддий зарар етказилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси бўйича тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари Жиноят ишлари бўйича Шофиркон тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарга базавий ҳисоблашнинг 5 баравари миқдорида жарима тайинланган ҳамда жабрланувчига етказилган 22.359.823 сўм миқдордаги моддий зарарни ундириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган.
Мазкур суд ҳужжати Мажбурий Бюронинг Шофиркон тумани бўлими иш юритувига келиб тушган ҳамда ижро ҳаракатларига киришилган. Ижро ҳаракатлари давомида тарафларга ижро ҳужжатининг мазмун моҳияти ва ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилиб, қарздорликни бартараф этиш учун қарздорга ихтиёрий муддат берилган.
Бироқ, қарздор берилган имкониятдан фойдаланмай талабларни белгиланган муддатда бажармаган. Шундан сўнг, қарздорнинг мулкий аҳволи “МИБ-Портал” электрон дастури орқали ўрганилган ва унинг номида бўлган барча мол-мулкларга тақиқ қўйилган.
Бўлим давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида суд ҳужжатида белгиланган қарздор томонидан ундирувчи фойдасига тўланиши лозим бўлган моддий зарар ҳамда маъмурий жарима ва бошқа харажатлар тўлиқ ундирилиб, ижро ҳужжати иш юритувдан амалда тамомланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири