Фуқаро манфаатига хизмат қилаётган замонавий божхона
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда давлат хизматларини инсон манфаатига йўналтириш, аҳоли учун ҳар томонлама қулай ва замонавий шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, божхона тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар чегара постларини нафақат хавфсизлик нуқтаи назаридан, балки фуқаролар учун қулай ва замонавий хизмат кўрсатиш масканига айлантиришга хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан божхона соҳасида очиқлик, шаффофлик ва инсон қадрини улуғлаш тамойиллари изчил татбиқ этилмоқда. Бу борада қабул қилинган 2025 йил 27 декабрдаги қарор чегара божхона постларида инфратузилмани тубдан яхшилаш, фуқароларга муносиб шароитлар яратиш бўйича муҳим дастуриламал вазифаларни белгилаб берди.
Ана шу эзгу ташаббусларнинг амалий ифодаси сифатида “Олот” чегара божхона постида салмоқли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Аввалроқ постда ўтказилган ўрганишлар давомида фуқароларнинг ёзнинг жазирамаси ва қишнинг совуқ кунларида ноқулайликларга дуч келаётгани инобатга олиниб, замонавий кутиш заллари қуриш ташаббуси илгари сурилган эди. Бугун ушбу ташаббус амалда ўз самарасини бермоқда.

Пост ҳудудида 110 квадрат метр майдонга эга бўлган, бир вақтнинг ўзида 40 нафарга яқин фуқарога хизмат кўрсатиш имкониятига эга янги замонавий кутиш зали фойдаланишга топширилди. Зал қулай ўриндиқлар, кондиционерлар, телевизорлар ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган бўлиб, фуқароларнинг чегарадан ўтиш жараёнини анча енгиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Шу билан бирга, ёндош бинода Ucell компанияси томонидан замонавий алоқа хизматлари йўлга қўйилди. Бу эса сафардаги фуқароларнинг яқинлари билан тезкор мулоқот қилиши, интернет хизматларидан бемалол фойдаланиши учун яна бир муҳим қулайлик бўлди.
Ислоҳотлар бу билан чекланиб қолмаяпти. Айни вақтда фуқаролар йўлаги устига 410 метр узунликдаги навес қуриш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Мазкур иншоот ёзнинг иссиқ кунлари ва ёмғирли мавсумларда чегарадан ўтувчи минглаб инсонлар учун янада муносиб шароит яратиши кутилмоқда.

Эътиборлиси, бу ишларнинг барчаси фақат янги бинолар қуриш билан чекланмайди. Уларнинг замирида инсон қадрини юксалтириш, ҳар бир фуқаронинг вақтини ва саломатлигини асраш, давлат хизматларини замонавий талаблар асосида ташкил этишдек эзгу мақсад мужассам.
Бугун “Олот” чегара божхона постида амалга оширилаётган ўзгаришлар Янги Ўзбекистонда инсон манфаати барча ислоҳотлар марказида турганининг яна бир ёрқин исботидир. Бу каби замонавий инфратузилма объектлари нафақат фуқаролар учун қулайлик яратади, балки мамлакатимиз божхона тизимининг халқаро стандартлар даражасига кўтарилаётганини ҳам яққол намоён этади.
Давлат раҳбарининг инсонпарвар сиёсати ва божхона соҳасини модернизация қилишга қаратилган ташаббуслари натижасида чегара постлари мутлақо янги қиёфа касб этмоқда. “Олот” чегара божхона постида яратилаётган замонавий шароитлар эса фуқароларга хизмат қилиш, уларнинг розилигига эришиш ва давлат хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилади.
Зариф Комилов, Ўза