Франция Саудия энергетика инфратузилмасини ҳимоя қилишга тайёр
Кўрфаз минтақадаги вазият кескинлашиши асносида Франция Саудия Арабистонини тўлиқ қўллаб-қувватлаши, мамлакатнинг энергетика объектларини ҳимоя қилишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги вакили таъкидлашича, бу кўмак фақат мудофаа мақсадида амалга оширилади ва асосан Янбу шаҳридаги мажмуалар ҳамда “Шарқ – Ғарб” қувури хавфсизлигини таъминлашга қаратилади.
Мазкур баёнот Ямандаги хусийлар Саудия ҳаво ҳудуди ҳарбий ҳаракат майдонига айланиши мумкинлигидан огоҳлантириши, Риёз ҳамда бошқа шаҳарлар аэропортларига берилган зарба оқибатида уч киши ҳалок бўлганидан сўнг янгради. Фаранг давлати бундай амалиётни кескин қоралаб, ҳужумни зудлик билан тўхтатишга чақирди.
Шунингдек, расмий Париж Ҳурмуз бўғозида халқаро ҳуқуқ меъёрига амал қилиш ва денгиз қатновини қайта тиклаш жуда муҳимлигини қайд этди. Мамлакат 2024 йил февраль ойидан бери минтақада денгиз хавфсизлигини таъминлаш бўйича Европа Иттифоқининг “Аспидес” амалиётида фаол иштирок этиб келаётгани, вазиятга қараб ушбу миссияни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаш давом этишини билдирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА