Франция олтин захираларини АҚШдан Парижга ўтказмоқда
Франция банки АҚШ Федерал захирасида сақланаётган олтинларининг бир қисмини Парижга ўтказишни якунлади. Шу билан бирга, олтин қуймаларини янгилаш ва уларни замонавийроқ сақлаш стандартлари билан алмаштириш амалиётини ҳам бажарди.
Франциянинг умумий олтин захиралари тахминан 2437 тоннани ташкил этиб, мамлакат дунёда тўртинчи ўринда туради. Бу захираларнинг барчаси ҳозирда мамлакат ичида сақланмоқда.
Франциянинг ҳаракатларидан сўнг, иккинчи энг катта олтин захираларига эга бўлган Германияда ҳам олтиннинг бир қисмини чет элда сақлаш мақсадга мувофиқлиги ҳақида мунозаралар кучайди. Баъзи иқтисодчилар сиёсий ноаниқлик билан боғлиқ хавфларни айтиб, захираларни АҚШдан қайтаришга чақирмоқдалар.
“Президент Трамп олдиндан айтиб бўлмайдиган даражада ҳаракат қилмоқда ва ўз манфаатларига асосланмоқда. Бундай шароитда Федерал Захирада сақланаётган захираларимиз учун хавфларни истисно қилиб бўлмайди”, деди Германия Солиқ тўловчилар ассоциацияси ва Европа Солиқ тўловчилар ассоциацияси раҳбари Йегер.
С.Раҳимов, ЎзА