ФОТОРЕПОРТАЖ: Ўзаро манфаатли ҳамкорлик битими имзоланди
Мамлакатимизга ташриф буюрган Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси раиси Нематзода Маликшо раҳбарлигидаги делегация вакилларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда Марказий Осиё мамлакатларининг касаба уюшма марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг бир қатор хорижий касаба уюшма марказлари билан имзолаган Меморандумлари қўшни давлатлар касаба уюшмалари билан ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим мезони бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида имзоланган Ҳамкорлик битими ҳам шулар жумласидандир.
[gallery-4065]
Мазкур ҳамкорлик битимини амалга ошириш юзасидан тасдиқланган қўшма чора-тадбирлар режасига мувофиқ ташкил этилган ташрифдан мақсад – Тожикистон ва Ўзбекистон касаба уюшма марказлари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, Ўзбекистонда турли тармоқлар ходимларининг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, меҳнат муҳофазаси, маданий-оммавий ишлар, соғломлаштириш ва дам олишни ташкил этиш каби масалаларда ўзаро тажриба алмашиш ҳамда Тожикистон мустақил касаба уюшмалари вакилларини Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида ижтимоий шериклик ва ижтимоий мулоқотни ривожлантириш, бу орқали кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар билан яқиндан таништиришдир.
Тадбирда мамлакатимизда қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат бугун Тожикистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари ўртасидаги самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш имконини бергани алоҳида таъкидланди. Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерациясининг Ўзбекистонга мазкур ташрифи Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек, икки давлат тармоқ ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик ва ўзаро тажриба алмашиш тизимини йўлга қўйишга хизмат қилишини айтиб ўтилди.
Шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида Ўзбекистон ва Тожикистон касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида иккала томоннинг илғор тажрибалари билан ўртоқлашилди. Учрашув иштирокчилари ўртасида икки мамлакат касаба уюшмалари фаолияти юзасидан қизғин фикр алмашувлар бўлиб ўтди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларида олиб борилаётган тизимли ишлар билан танишди.
Учрашув якунида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Тожикистон мустақил касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган “Texnopark” МЧЖга ташриф буюриб, унинг таркибида фаолият кўрсатаётган корхоналардаги ишлаб чиқариш жараёнлари, ходимлар учун яратилган ижтимоий ва маиший шароитлар, меҳнаткашлар учун яратиб берилаётган имтиёз ва кафолатлар билан танишди. Бу ерда ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари қўшни давлат касаба уюшмалари вакиллари томонидан алоҳида эътироф этилди.
Сўнг делегацияси аъзолари пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, “Матонат мадҳияси” монументига гулчамбар қўйди.
Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА