Форум самарали келишув ва битимларга бой бўлмоқда
Йилнинг энг муҳим ва узоқ кутилган инвестиция воқеаси бўлган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи куни бошланди.
Бугун тадбирнинг асосий ва муҳим панел сессиялари, давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.
Маҳаллий ва хорижий экспортлар айни вақтда “Тошкентнинг халқаро молия маркази сифатидаги салоҳияти: имкониятлар ва устувор вазифалар”, мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этмоқда. Шу билан бирга, “Сув ресурсларини комплекс бошқариш: қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш” “Бизнес учун одил судлов: бугун ва келажак” “Электрон тижорат: янги истиқбол ва имкониятлар”, “Катта шаҳарлардаги қулайликлар: урбанизация ва шаҳарсозликка сармоя киритиш” мавзуларидаги панел мунозаралари бўлиб ўтмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш мумкин, форумнинг илк куни самарали битим ва шартномаларга бой бўлди. Жумладан, кеча “Hyper Partners” компаниясининг “Accor” бренди билан Ўзбекистонда 5та меҳмонхона ва Tashkent City Mall ҳудудида 5 юлдузли люкс тоифасидаги меҳмонхона очилиши ҳақидаги доиравий битим имзоланди.
“Агробанк” АТБ ҳамда Германиянинг "Commerzbank AG" ўртасида қиймати 20 миллион АҚШ долларига тенг Савдони молиялаштириш бўйича келишув имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги ва Кореянинг “Sejin G&E So., LTD.” компанияси ўртасида қиймати 55 миллион АҚШ долларига тенг Маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш юзасидан битим имзоланди.
Қолаверса, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва Хитойнинг «China Gezhouba Group Overseas Investment Co., Ltd." компанияси ўртасида қиймати 500 миллион АҚШ долларига тенг Бухоро вилоятида қуввати 500 МВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш бўйича инвестиция шартномаси имзоланди. Туркиянинг "Cengiz Enerji San. ve Tic A.Ş." компанияси ўртасида қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг Жиззах вилоятида қуввати 400 МВт бўлган буғ-газ электр станциясини қуриш бўйича инвестиция шартномаси имзоланди.

- Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистон билан ишлашни жуда хоҳлаймиз, - дейди Буюк Британиянинг “AKS Services Group” компанияси директори Ваис Қаис.
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг маърузасидан сўнг бу ерга келганларнинг аксариятида мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилиш истаги пайдо бўлишига ишонаман. Қайд этиш керак, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида энг тез ривожланаётган давлат. Аммо инфраструктура бўйича бироз ортда қолмоқда. Шу жиҳатдан бу форумга келган сармоядорлар учун мамлакатингиз қизиқ. Турли хил лойиҳаларга сармоя киритиш бўйича музокаралар олиб бориляпти.
Ўзбекистонда ёш кадрлар, минтақа учун муҳим бўлган бозор борлиги сармоядорлар учун муҳим. Шу жиҳатдан бугунги форум мамлакатингиз келажаги, ривожланиши учун жуда фойдали бўлади. Мамлакатингиз билан ҳамкорликда ишлашни бундан беш йил олдин бошлаганмиз.
Ўзбекистон гилосларини Европа бозорларига чиқарганмиз. Савдо сотиқ соҳаларида яхши алоқа ўрнатганмиз. Биз экспорт қилган гилослар орқали Европа мамлакатларида Ўзбекистон меваларига қизиқиш ортган. Бугун Ўзбекистон банклари билан келишиб олдик ва уларни хусусийлаштиришга ёрдам бермоқчимиз. Бундан ташқари, банк соҳасини ривожлантиришга қаратилган маҳорат дарслари ўтишни келишиб олдик.
Гўзал Сатторова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА