Форишлик маҳалла китобхони аниқланди
Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида Республика Маънавият-маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Фориш туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда “Маҳалла китобхони” республика кўрик-танловининг шаҳар ва туман босқичлари бўлиб ўтмоқда.
Форишда ўтган “Маҳалла китобхони” кўрик-танловининг туман босқичи мунозара ва муҳокамаларга бой бўлди. Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида” ги қарори китобхонлик тадбирларини ташкил этишда дастуриламал вазифасини ўтамоқда.


“Маҳалла китобхони” Республика кўрик-танловининг туман босқичида беллашувнинг энг қуйи – қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари босқичларида ғолиб бўлган 20 нафардан ортиқ йигит-қизлар ўзаро куч синашди. Кўрик-танлов иштирокчилари – Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналарида кўтарилган мавзулар, “Мен севган қаҳрамон” образи талқини, асардан парчани ёддан ўқиб бериш, асар мутолаа қилиш каби бир қатор шартлар бўйича беллашди.
Кўрик-танловда “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини шарафини ҳимоя қилган Алишер Арслонбеков мутлоқ ғолиб, деб топилди ва ушбу кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди. Тумандаги “Қўлба” МФЙдан иштирок этган Нилуфар Зафарова 2-, “Осмонсой” МФЙда яшовчи Севинч Самандарова 3-ўринни эгаллади. Беллашув ғолиб, совриндор ва турли номинация соҳибларига ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ҳамда “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси” жавонидан ўрин олган асарлар тўплами совға қилинди.


А.Қаюмов, ЎзА