Форишда “Саломатлик учун 5000 қадам” марафони
Жиззах вилоятининг Фориш туманида соғлом ҳаёт тарзини тарғиб этиш, ёшларни жисмоний фаолликка кенг жалб қилиш ва гиёҳвандлик каби иллатларга қарши жамоатчилик бирдамлигини кучайтиришга қаратилган оммавий юриш марафони ўтказилди.
Ойбек ва Учқулоч маҳаллаларида “Биз гиёҳвандликка қаршимиз!” шиори остида ташкил этилган “Саломатлик учун 5000 қадам” марафонида маҳалла фаоллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Эрталабки мусаффо ҳавода бошланган юриш иштирокчиларни ягона мақсад атрофида бирлаштирди. Қадамлар бир-бирини алмашар экан, уларнинг замирида оддий, аммо ҳаётий мазмун – соғлом тана, тиниқ фикр ва соғлом келажак сари интилиш мужассам эди.


Айниқса, ёшларнинг фаол иштироки тадбирга алоҳида руҳ бағишлади. Зеро, соғлом авлодни тарбиялаш фақат тиббий ёки спортга оид вазифа эмас, балки бутун жамиятнинг умумий мақсади ва масъулиятидир. Шу маънода, ҳар бир оммавий юриш, ҳар бир спорт тадбири ёшларни зарарли одатлардан йироқлаштириб, уларни фойдали ва мазмунли машғулотларга чорлашда муҳим аҳамият касб этади.


Бугун гиёҳвандликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ёки тиббиёт ходимларининг вазифаси бўлиб қолмаяпти. Бу борада оила, маҳалла, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва кенг аҳолининг ҳамжиҳатлиги тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки зарарли иллатнинг олдини олиш унинг оқибатларига қарши курашишдан кўра фойдалироқдир.


“Саломатлик учун 5000 қадам” марафони ана шу эзгу мақсадни оддий ва таъсирчан тарзда ифода этди. Бу ерда ҳар бир қадам – ҳаракат, ҳар бир ҳаракат – соғлом турмушга интилиш, ҳар бир иштирокчи эса соғлом жамият барпо этишга қўшилган ҳисса бўлди.
Форишдаги тадбир иштирокчилари ўз ҳаракати билан бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этди: соғлом ҳаёт сари йўл узоқдан бошланмайди. У инсоннинг ўзидан, ўз танловидан ва бугун ташлаган биринчи қадамидан бошланади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири