Фитосанитария талаблари енгиллаштирилади
Сенат ялпи мажлисида «Фитосанитария талаблари енгиллаштирилиши муносабати билан «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди.
Қонун билан фитосанитария сертификатини ёки гувоҳномасини олиш талаб этилмайдиган карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда экспорт қилувчи хорижий мамлакатларнинг фитосанитария сертификатини ёки гувоҳномасини талаб этиш бекор қилинмоқда.

Шу билан бирга, қонунда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан карантин остидаги маҳсулотнинг ҳар бир туркумига алоҳида-алоҳида бериладиган карантин рухсатномаси мавжуд бўлган тақдирда, хорижий мамлакатлардан карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришга йўл қўйилиши мустаҳкамланмоқда.
Бу ўсимликлар карантини қоидалари ҳамда фитосанитария талабларини енгиллаштиради.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу янгиликлар ички бозорларда асосий турдаги маҳсулотлар нархининг барқарорлигини таъминлашга, импорт ҳисобидан қопланадиган аҳолининг истеъмол талаби юқори бўлган маҳсулотларни олиб киришда тадбиркорлик субъектларига имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА